
Янги-Ангрен ИЭСда цех раҳбари лавозимида ишлаб келган 40 ёшли С.Ш. 23 январь куни уйида ўзини осиб, вафот этган. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар қилди.
Маълум бўлишича, ИЭСдаги портлаш айнан у раҳбарлик қиладиган цехда содир бўлган. Мазкур хабарни Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Беҳзод Қобулов тасдиқлаган.
ИЭС портлаш иши бўйича Ангрен прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «а, б» бандлари (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш одам ўлиши ва бошқа оғир оқибатлар келиб чиқиши) билан жиноят иши қўзғатилган. Таъкидланишича, ўлимидан бир кун олдин С. Ш. жиноий иш доирасида сўроқ қилиш учун чақирилган.
Ҳозирча марҳум С.Ш.нинг ўзини осишига нима ёки қандай воқелик сабаб бўлгани маълум эмас.
Эслатиб ўтамиз, 20 январь куни «Янги Ангрен» иссиқлик электр станциясининг профилактика чораларини кўриш учун тўхтатилган 5-энергия блокида чанг-кўмирли ҳаво аралашмасининг портлаши содир бўлган, портлаш оқибатида уч киши ҳалок бўлган ва яна уч киши жароҳат олганди. Энергетика вазирлиги уларнинг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилганини маълум қилганди.
Портлаш оқибатида уч киши вафот этгани юзасидан жиноят иши очилган. Бош прокуратура матбуот хизмати ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ангрен шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар