19:00 / 25.01.2021
1 998

Ўзбекистонда Президент сайловлари октябрь ойида ўтказилиши мумкин

Ўзбекистонда Президент сайловлари октябрь ойида ўтказилиши мумкин
Ўзбекистонда Президент сайловлари октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу масала Қуйи палатадаги сиёсий партиялар фракциялари йиғилишида муҳокама қилинган. Агар янги тартиб қабул қилинса, 2021 йилга Президент сайловлари 24 октябрга тўғри келади.

Конституция ва Сайлов кодексига эса тегишли ўзгартишлар киритиш керак бўлади. Аввал Президент сайловлари декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиларди.

Муҳокамага қўйилган 2021 йилги Давлат дастури лойиҳасига кўра, Ўзбекистонда Президент сайловига тайёргарлик жараёнлари 2021 йил 1 мартдан бошланади. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни юксак савияда ўтказиш бўйича аниқ чоралар белгиланади. Шунингдек, халқаро кузатувчилар томонидан берилган мақбул тавсияларни миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш бўйича таклифлар ҳам ишлаб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида 2021 йилда ўтказиладиган «давлат ва халқ ҳаётидаги муҳим сиёсий ҳодиса» — президентлик сайловлари масаласига тўхталиб ўтганди. Ўшанда Шавкат Мирзиёев Марказий сайлов комиссияси «бўлажак сайловларнинг миллий қонунчилик ва умумеътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида юксак савияда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратиши» лозимлигини таъкидлаган.

Маълумот учун, Президент сайловини Ўзбекистон фуқаролари умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширади. Ушбу лавозимга 35 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон фуқароси сайланиши мумкин.

Ўзбекистон Президенти беш йил муддатга сайланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда Президент сайловлари октябрь ойида ўтказилиши мумкин