14:43 / 26.01.2021
2 898

Ким ҳақ? Шомуродов масаласида "Женоа" мухлислари иккига бўлинди

Ким ҳақ? Шомуродов масаласида "Женоа" мухлислари иккига бўлинди
Элдор Шомуродов ўзбекистонлик футбол мухлислари узоқ вақт кутган Европанинг кучли бешлик чемпиноатларида ўз ўрнини топиб, ўзбек футболи салоҳиятини намоён эта оладиган ҳозирча ягона футболчимиз ҳисобланади.

Қолган ўйинчиларимизни камситмаган ҳолда шуни таъкидлаш лозимки, айни пайтда европалик скаутлар эътиборини торта оладиган бошқа футболчимиз кўзга кўринмаяпти. Ўзбекистонлик чарм тўп усталари учун Европа бу Россия ва Беларусь бўлиб қолмоқда. Ҳатто Россия чемпионатидаги легионерларимиз ҳам юқори лигада жамоаларида ўзига жой очишга қийналмоқда.

Ўзбекистон футболчиларининг бозори Жанубий Корея ва араб мамлакатлари бўлиб қолди. Таиланд, Индонезия, Малайзия каби давлатларга йўл олаётган вакилларимизни ўз олдига юксак мақсадларни қўйган футболчилар, деб эътироф этолмаймиз.

Шомуродов “Женоа”да яхши ўйнаяпти. Ҳар ҳолда иккита мураббий даврида ҳам бошланғич таркиб ўйинчиси эканини исботлаб қўйди. Имкон қадар жамоа голларида иштирок этмоқда, ҳимояга ёрдам беряпти, хуллас, қўлидан келганини қилмоқда.

“Женоа” мухлислари Элдор Шомуродовнинг ўйинини баҳолашда иккига бўлиниб қолганини таъкидлаш лозим. Аксарияга ўзбек легионерининг хатти-ҳаракатлари маъқул келмоқда. Бироқ, Элдордан кўпроқ натижа, гол ва самара кутаётган ашаддий мухлислар ҳам кам эмас. Улар орасида Шомуродовни танқид қилаётганлари ҳам топилади.

Эътиборингизга италиялик мухлисларнинг Элдор Шомуродов ҳақидаги салбий ва ижобий муносабатларни ҳавола этамиз.

Luana Corradino:
Ҳозир Маттиа Дестро ва Горан Пандев сафга қайтганидан кейин, Шомуродовни ўйнатишда бирор мантиқ кўрмаяпман. Бу ўйинчи ярим йил давомида ўзидан кутилган ўйинни намойиш қила олгани йўқ.

Alhaji Bello: (Luana Corradino изоҳига жавобан)
Фикрингга қўшиламан. 14 та ўйинда 2 та гол жуда кам. Дестро 16 та баҳсда 7 та тўп киритди.

Simone Zurro: (Alhaji Bello изоҳига жавобан)
Футболчининг майдондаги функциялари фақат гол уриш билан чекланмайди. Шомуродов гол уришдан ташқари ҳам жамоага жуда кўп ёрдам беряпти. “Кальяри” билан бўлган ўйинда сизлар мақтаётган Дестронинг гол уриши учун барча ишни Шомуродов амалга ошириб берди.

Alessandro Fusco (Simone Zurro фикрига жавобан)
“Кальяри” билан бўлган баҳсда Элдор бир жуфт қулай вазиятни ҳам йўққа чиқариб, гол ура олмади. Унинг ютуқлари ўйинда йўл қўяётган камчиликларини ёпа олмайди.

Manuela Leli:
Элдорга яна вақт керак. У кўп фойда келтиряпти. Яқинда ўзи ҳам кўп гол ура бошлайди.

Alessandro Paffi:
Шомуродовда яхши ўйнаб кетиш учун имконият етарди. Ҳали мавсумнинг ярми олдинда.

Gianluca Pertoso:
Кейинги пайтда Шомуродов гол уриш мумкин бўлган кўп вазиятларни барбод қиляпти. Агар шу имкониятлардан тўғри фойдаланганида голи сони Дестроникидан кўп бўларди. Менимча, Шомуродов марказий ҳужумчи амплуасига тўғри келмаяпти. У қанотдан ҳужум уюштириши керак.

Alex Rossi:
Шомуродов жуда кўп меҳнат қиляпти. Лекин ҳужумда рақиб дарвозасига етарлича хавф сола олмаяпти. У ўз имкониятларидан унумлироқ фойдаланиши керак.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)