21:16 / 01.02.2021
2 370

Судлар фаолиятида 2021 йилдан бошлаб нималар ўзгармоқда?

Судлар фаолиятида 2021 йилдан бошлаб нималар ўзгармоқда?
Сўнги тўрт йил ичида судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судьялик касбига тайёрлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш, суд тизимини малакали ва ҳалол пок кадрлар билан тўлдириш, суд органларининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада ошириш бўйича давлат раҳбарининг ташаббуси билан изчил ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6127-сонли Фармони, одил судловга бўлган ишончни оширишга қаратилган яна бир муҳим ҳужжат бўлди десак адашмаган бўламиз.

Жумладан, мазкур Фармон билан судьяликка кадрларни танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек, судьялар фаолиятини баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш, ушбу жараёнларга замонавий ахборот технологияларини изчил жорий қилиш, судьялар ва суд аппарати ходимлари орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш ҳамда суд тизимида аниқланган ҳар қандай коррупциявий ҳаракатни муросасиз ҳолат деб баҳолаш белгиланди.

Шунингдек, 2021 йил 1 февралдан бошлаб суд тизимида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, Судьялар олий Кенгаши ва суд тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида, илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини Интернет тармоғи (веб-сайт) орқали онлайн тарзда ёритиб бориш йўлга қўйиш ҳамда судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш жорий этилмоқда.

2021 йилдан бошлаб, судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик ҳолатлари юзасидан Кенгаш раиси томонидан киритилган тақдимнома прокуратура органлари томонидан бир ой муддатда кўриб чиқилиб, жиноят иши қўзғатилганлиги ёки қўзғатиш рад этилганлиги ҳақида Судьялар олий Кенгашига Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан хабар берилиши йўлга қўйилди.

Фармонда белгиланган яна бир муҳим тартиблардан бири, жорий йилдан бошлаб судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга тегишли малака ҳайъатлари розилиги билан йўл қўйилиши ҳамда суд ҳокимияти мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва тизимда коррупцияга қарши курашиш ҳолати юзасидан Кенгаш раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якуни бўйича ахборот тақдим этиб борилиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, шу давргача фаолият юритиб келган судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси негизида, Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси тузилди.

Судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантиришни мақсадида, “Ибратли судья” мукофотини, одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб пенсияга чиққан судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак нишонини жорий этиш ва Кенгаш ҳузурида жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Судьялар клубини ташкил этиш белгилаб қўйилди.

Президент Фармони, суд ҳокимияти мустақиллигини янада кучайтириш, судьялар дахлсизлигини таъминлаш ҳамда тизимда коррупциянинг олдини олишга қаратилганлигидан далолат беради.

Жиноят ишлари бўйича
Навбаҳор туман судининг раиси
Авазжон Ибодов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Судлар фаолиятида 2021 йилдан бошлаб нималар ўзгармоқда?