15:45 / 03.02.2021
2 959

Бош вазир ўринбосари президент билан мажлисда амалдорлар тинимсиз ёзиши ҳақида

Бош вазир ўринбосари президент билан мажлисда амалдорлар тинимсиз ёзиши ҳақида
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов президент билан ўтадиган мажлисларда ҳукумат вакиллари нега блокнотга тинимсиз ёзишларининг сабаби ҳақида сўзлаб берди. Изоҳланишича, бу Ўзбекистонда шаклланган сиёсий маданият ҳисобланади.

«Америка овози» журналисти Навбаҳор Имомова Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов билан суҳбатда президент билан ўтган мажлисларда мутасаддилар блокнотга тинимсиз ёзишлари, бир-бирларини тинглашмаётгани ва кўзма-кўз мулоқот қилинмаётгани омма муҳокамасига сабаб бўлиши ҳақида савол берди.

Бош вазир ўринбосарининг айтишича, давлат раҳбари иштирокидаги мажлисда ёзишмалардан мақсад топшириқларни эслаб қолиш, маълум масала юзасидан хулоса қилиш учун қулай ва бу Ўзбекистонда шаклланган сиёсий маданиятдир.

«Бу – бизда шаклланган сиёсий маданият. Мисол қилиб мен ўзимни айтишим мумкин. Бир кун давомида бош вазир ўринбосари сифатида давлат раҳбаридан нечта топшириқ олишимни ҳисоб-китоб қилсак, осон бўлмайди. Чунки у битта ёки иккита эмас. Мен ўзим учун топшириқ берилганда ёзишимнинг сабаби эслаб қолишим учун ва мавзудан келиб чиқиб ўзимнинг ишимга тааллуқли бўлган жойларини хулоса қилишим, агар менга сўз берилса, асосан қайси масалаларни кўтаришим кераклигини ўзим учун белгилаб оламан. Президент айтганларида ёзиш ҳам сиёсий маданият, у бизда шаклланиб бўлди. Бу нима омиллар таъсирида пайдо бўлди ва ҳоказо гаплар иккинчи масала.

Ҳар битта давлат ва жамиятда ўзига яраша сиёсий маданият бор. Нима учун шу саволни қўяётган одамларимиз бошқа давлатлардаги бизга жуда бир ғалати туюлиши мумкин бўлган ҳолатларни муҳокама қилмайди.

Масалан, айрим шарқий Осиё давлатларида бир – бирига энгашишлар бор. У мамлакатлар жуда демократик деб тан олинган. Мен жуда кўп мисол келтиришим мумкин. Лекин бу бизда шаклланган сиёсий маданият ва биз уни ҳурмат қилишимиз керак
», – деди ҳукумат расмийси.

Суҳбат давомида журналист ҳукумат раҳбарлари президент билан қай даражада очиқ мулоқот қила олиши ҳақида сўраган.

«Албатта, бизда ёпиқ, яъни тор доирадаги йиғилишларда турли фикрлар айтилади. Ҳатто президент олдида ҳам мен битта фикр айтишим, бошқа ҳамкасбим унга нисбатан бошқача фикр айтиши ҳам мумкин. Давлат раҳбарининг талаблари ҳам шундан иборат. Бошқа мамлакатлардаги, ҳукуматлардаги аъзолар, ҳамкасбларимиз кўради. Улар ҳам музокараларда қатнашишади. Қизиқ-қизиқ мулоқотлар, гаплар бўлади. Яъни бизни кўришади. Улар бизга ҳавас билан «сизларда президент гапиришга имконият бераркан, сизларни тинглар экан» деб айтишади», – дея бош вазир ўринбосари сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълумот учун, Сардор Умурзоқов 2019 йил январдан эътиборан Инвестициялар ва ташқи савдо вазири сифатида ишлаб келмоқда.

Сардор Умурзоқов 2018 йилнинг 1 июн куни «Ўзчармсаноат» уюшмасининг раиси этиб тасдиқланганди. У бундан аввал «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси бошқаруви раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

Сардор Ўктамович Умурзоқов 1977 йилнинг 23 ноябр куни туғилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университети (бакалавр) ва Рэдинг университетини (Буюк Британия, магистратура) тамомлаган.

2000-2003 йиллар давомида Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки тизимида (аввалига бош офисда, сўнг – Самарқанддаги бўлинмада) ишлаган. 2003 йилнинг ноябрида Европа тикланиш ва тараққиёт банкида (Лондон шаҳри) ўз фаолиятини бошлаган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бош вазир ўринбосари президент билан мажлисда амалдорлар тинимсиз ёзиши ҳақида