22:17 / 08.02.2021
2 827

Миастения – мускуллар толиқишими?

Миастения – мускуллар толиқишими?
Ҳа, миастения – мускуллар толиқиши дегани. Бу касалликда мускуллар тез толиқиб қолади. Келинг, ушбу касалликка хос барча белгиларни беморнинг ўзидан эшитайлик: “Доктор, мен эрталаб уйғонсам ўзимни худди соғ одамдек ҳис қиламан, кўзларимни бемалол очиб-юмаман, юз-қўлимни ва тишларимни ҳам қийналмасдан юваман, овозим ҳам яхши чиқади, эрталаб нонушта қилсам оғзим чарчамайди, овқатни бемалол чайнайман ва бемалол юта оламан.

Бироқ орадан 2–3 соат ўтгач, кўзларим юмила бошлайди, юқори қовоғимни ҳеч кўтара олмайман, нарсалар ҳам иккита кўринади, овозим пасаяди, бурун тешик­лари битиб, пўнғиллаб гапира бошлайман, нонни ҳам узоқ чайнай олмайман, оғзим тез чарчаб қолади, овқатимни ҳам қийналиб ютаман. Агар 2 соат ухлаб турсам яна аввалги соғлом ҳолимга қайтаман. Бироқ кечга бориб, яна аҳволим ёмонлашади”.

Савол: Миастения қайси ёшда кўп учрайди?
Жавоб:
Бу касаллик ҳар қандай ёшда, яъни эрта болалик даврида ҳам, кексалик даврида ҳам ривожланади. Аммо миастения 20–40 ёшларда кўп учрайди. Аёллар эркакларга қараганда 2–3 баробар кўп касалланишади.

Савол: Миастенияни қандай омиллар келтириб чиқаради?
Жавоб:
Миастения ривожланиши, асосан, кўк­рак қафаси ичида жойлашган айрисимон без (тимус) фаолиятининг издан чиқиши билан боғлиқ. Чунки миастения ташхиси қўйилганларнинг 80 фоизида тимус патологияси аниқланади. Миастения баъзида полимиозит, Хашимото бўқоғи, систем қизил бўрича, ревматоид артрит, лимфосаркома, саркоидоз каби бир қатор аутоиммун касалликлар билан бирга учрайди. Мутахассислар ушбу касалликларни юзага келтирувчи этиологик омиллар ўхшаш бўлиши мумкин, деб ҳисоблашади.

Савол: Миастенияда айнан қайси соҳадаги мус­куллар кўпроқ зарарланади?
Жавоб:
Бу касалликда юқори қовоқни кўтарувчи ва кўзни ҳаракатлантирувчи мускуллар кўп зарарланади. Шунинг учун ҳам миас­тенияда юқори қовоқ тушиб қолиши ва ғилайлик кўп кузатилади. Улар касалликнинг бошланғич давридаёқ пайдо бўлади. Беморнинг эрталабки очиқ кўзлари тушликдан сўнг ёпилиб бошлайди. Бемордан кўзларни бир неча бор юмиб-очиш сўралса, унинг юқори қовоқлари толиқиб, кўзлари ярим ойсимон ёпилиб қолади. Ке­йинчалик бу белгилар чайнаш ва мимика мускулларига, сўнгра ютиш ва товуш учун жавоб берадиган мускулларга тарқалади.

Савол: Бошқа мускуллар зарарланмайдими?
Жавоб:
Миастения белгилари баъзида бўйин, елка, қўл ва оёқ мускулларида ҳам толиқиш билан намоён бўлади. Бундай беморлар ҳар қандай жисмоний фаолиятдан кейин ҳам чарчаб қолишади.

Савол: Миастения билан оғриган беморлар нега қийналиб нафас олишади?
Жавоб:
Мазкур касалликда диафрагмани кўта­риб-туширувчи, яъни ташқи нафас мускуллари ҳам зарарланади ва у нафас олишнинг бузилиши билан намоён бўлади. Айниқса, бу ҳолат кучли стрессдан кейин рўй беради.

Савол: Миастения туғма бўлиши ҳам мумкинми?
Жавоб:
Бўлиши мумкин. Туғма миастения – энди туғилган болада кўзни ҳаракатлантирувчи нервлар зарарланиши билан намоён бўлади. Миастениянинг бу тури билан ўғил болалар қиз болаларга қараганда 2 баробар кўп касалланишади.

Савол: Тўғри ташхис қўйиш учун бемор қандай текширувлардан ўтиши лозим?
Жавоб:
Миастения ташхисини қўйишда юқори­да қайд қилинган белгиларни бемордан излаш лозим. Бундан ташқари, фармакологик синамалар, электромиография ва иммунологик текширувлар олиб борилади.

Савол: Миастения билан оғриган беморлар ҳомиладор бўлиб қолишса, қандай йўл тутилади?
Жавоб:
Бундай ҳолатларда касаллик белгилари кучайиши, пасайиши ёки ўзгармасдан қолиши ҳам мумкин. Бу организмнинг умумий ҳолатига ва иммунитетга боғлиқ. Уларда ҳомиладорликнинг дастлабки 3 ойлиги оғир кечиши мумкин ва бу даврда бола тушиши ҳам кўп кузатилади. Агар аёл туғишни хоҳласа, у невропатолог ва гинеколог назоратида туради ва туғишга рухсат берилади.

Савол: Даволаш қандай олиб борилади?
Жавоб:
Даволаш невропатолог томонидан олиб борилади. Бунинг учун махсус дорилар дозаси белгилаб олинади ва узоқ вақт тавсия этилади. Даволашда гормонлар билан биргаликда қонни патологик иммун омиллардан тозаловчи плазмафарез усули ҳам қўлланилади. Миастения билан касалланган беморлар систематик тарзда даволанишса, 6-12 ой ичида тузалиб кетишади.

Савол: Операция йўли билан даволаш мумкинми?
Жавоб:
Патологик ўзгарган тимусни олиб ташлаш бу касалликда жуда самарали усулдир. Бироқ жарроҳлиқ усули ҳаммага ҳам қўлланилавермайди. Баъзи ҳолатларда жарроҳлик усулидан кейин ҳам калий сақловчи дорилар ичиб юришга тўғри келади. Стрессдан ҳам асраниш лозим.

“Асаб ва руҳият” илмий-тиббий маркази
директори, профессор Зарифбой Ибодуллаев

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Миастения – мускуллар толиқишими?