16:28 / 18.02.2021
2 066

«Жаҳонгир Отажоновнинг президентликка номзодини қўймоқчи бўлгани демократия йўлида эканлигимизни англатади» — Расул Кушербаев

«Жаҳонгир Отажоновнинг президентликка номзодини қўймоқчи бўлгани демократия йўлида эканлигимизни англатади» — Расул Кушербаев
Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Жаҳонгир Отажоновнинг президентликка номзодини қўймоқчи бўлгани ҳақидаги воқеаларга муносабат билдирди, деб ёзмоқда «Gazeta.uz».

«Президент бўлиш учун президент соҳаси вакили деган нарсанинг ўзи йўқ. Бу бизнинг битта қолип. Яъни ҳеч ким сиёсатчи бўлиб туғилмайди ва сиёсатчилар тайёрлайдиган алоҳида мактаб йўқ. Ҳаётни ўзи сиёсатга тайёрлайди инсонни. Касб нуқтаи назаридан қарасангиз, президентлар бу ҳар хил касбдан бўлади: ўқитувчи бўлиши мумкин, қурувчи бўлиши мумкин, иқтисодчи бўлиши мумкин, балиқчи бўлиши мумкин, футболчи, санъаткор… Бунинг чегараси йўқ. Муҳими, ўша жамоатчига халқ ишониб овозини берадими, йўқми. Гап шунда», — деган у «Янгийўлликлар ТV» дастурида.

«Нима қилибди? Ёки нима бизда президент тайёрлайдиган мактаб борми, фақат шу мактабни кириб ўқиганлар президент бўлиши керакми? Бунақа талаб йўқ. Энди Отажонов президентликка номзодини қўймоқчиман, дегани бу фожиа эмас. Мен хурсанд бўлдим. Ва ниҳоят, Ўзбекистонда ҳам қўрқмасдан, одамлар мен президент бўлишни хоҳлайман, номзодимни қўймоқчиман деб айтишга, яъни эркин айта олиш даражасига етиб келибмиз. Бу бизнинг ютуғимиз эмасми? Ким бўлишидан қаъти назар, Жаҳонгир Отажоновнинг ўрнида бошқа футболчи бўлганида ҳам, спортчи бўладими, қурувчи бўладими, кўча тозалайдиган ободонлаштириш ходими бўлмайдими, менга деса», — деган депутат.

Расул Кушербаев ҳозирда одамларнинг эркин фикр билдира олаётганини ва авваллари бундай имконият бўлмаганлигини таъкидлаб ўтди.

«Мен хурсандман одамлар шундай айтганидан. Демак, биз демократия йўлидан кетяпмиз. Инсонлар шу орқали ўзининг фикрини эмин-эркин, қўрқмасдан билдириши — бизнинг ютуғимиз. Биз шу даражага етибмиз. Ва бу амалдаги Президент олиб бораётган сиёсатининг натижаси. Бунақа гаплар илгари қаерда айтиларди? Ўзига ўзи ичида айтарди, ҳеч ким йўқ жойда — ҳаммомда айтарди ёки бурчак-бурчакларда сал пайт айтсаям ‘тш-ш, тамом’ деб, одамлар қўрқарди ўзидан ўзи. Бу одам қўрқмади, очиқ айтяпти», — деди у.

Шу билан бирга, Расул Кушербаев номзодларнинг сайланиши-сайланмаслиги, унда одамларнинг овоз бериши-бермаслиги иккинчи масала эканлигини айтиб ўтди.

«Керак бўлса, 10 та одам чиқмайдими мен ҳам қўймоқчиман деб. Бу, умуман, жамиятга фойда. Яъни жамият демократлашиб, эркинлашиб боряпти», — деб қўшимча қилган депутат.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг декабрида санъатдан кетганини айтган Жаҳонгир Отажонов 2021 йилнинг январида навбатдаги президентлик сайловида ўз номзодини қўйишини маълум қилиб, «Халқ манфаатлари» деб номланган янги сиёсий партия тузиш ҳаракатига тушди ва Ўзбекистонни ҳар бир масалада Ўрта Осиёдаги энг зўр давлат қилиш нияти борлигини айтганди.

Унинг бу қарорига ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари турлича муносабат билдирди. Кимдир ундан сиёсатчи чиқмаслигини айтиб, уни бу фикридан қайтаришга уринди, яна кимдир уни қўллаб-қувватлади. Изоҳлар орасида хонанданинг шаънига ҳақоратли сўзлар ёзиб қолдирилган ҳолатлар ҳам учради.

Кейинчалик Жаҳонгир Отажонов сайловда қатнашиш истагидан қайтганини ва партия аъзолигидан чиққанини маълум қилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Жаҳонгир Отажоновнинг президентликка номзодини қўймоқчи бўлгани демократия йўлида эканлигимизни англатади» — Расул Кушербаев