18:09 / 06.03.2021
1 884

Вакциналар узоқ муддатли ҳимояни кафолатлай оладими?

Вакциналар узоқ муддатли ҳимояни кафолатлай оладими?
Айни пайтда кўпгина мамлакатларда COVID-19 вирусига қарши оммавий эмлаш жараёни амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда ҳам жорий йил коронавирус инфекциясига қарши аҳолини оммавий эмлаш жараёни ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Кенг жамоатчиликда вакцина ўзи нима экани, у қандай ишлаши, оммавий эмлаш жараёни қай тартибда олиб борилиши тўғрисида тўлақонли ахборот бериш мақсадида ССВ матбуот хизмати туркум суҳбатлар уюштирмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими саволларига Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботир Қурбонов жавоб берди.

— Вакциналар қандай ишлайди?
— Вакцина — бу микробнинг (вирус ёки бактерияларнинг) заифлашган, зарарсиз бўлаги бўлиб, танангизнинг табиий иммунитети билан биргаликда касаллик юқиши хавфини камайтиради. Вакцина танангизга юборилгандан кейин иммунитет тизимингиз танага кирган микробни аниқлайди ва бу микробга қарши курашиш учун антитаначалар ишлаб чиқариб, у билан қандай курашиш кераклигини эслаб қолади.

Агар келгусида ушбу микроб таъсирига яна дуч келсангиз, иммунитет тизимингиз уни қандай йўқ қилишини билади, сиз касал бўлмайсиз.

Шундай қилиб, вакцина танада касалликка қарши иммунитетни ишлаб чиқишга кўмак берувчи хавфсиз ва самарали восита саналади. Касаллик пайдо бўлганидан кейин уни даволашдан кўра, эмлаш орқали касалликларнинг олдини олиш мақсадга мувофиқ.

— Вакциналар узоқ муддатли ҳимояни кафолатлай оладими?
— Бу саволга жавоб бериш учун қўшимча тадқиқотлар ўтказилиши талаб этилади. Мавжуд маълумотларга кўра, COVID-19 вирусидан тузалган одамларнинг аксариятида иммунитет шаклланади. Унинг давомийлиги қанча муддат сақланиб туришини вақт кўрсатади.

— COVID-19'ни юқтириш оқибатида шаклланган иммунитет кучлими ёки унга қарши эмлангандан кейин ҳосил бўлган иммунитетми?
— Инсонда инфекция юқиши натижасида ҳосил бўлган “табиий иммунитет”нинг шаклланиши организмнинг ўзига хос хусусиятларига боғлиқ. Ушбу вирус инсоният учун янги бўлгани сабабли, бу саволнинг аниқ жавобини ҳали билмаймиз. Мавжуд маълумотларга кўра, COVID -19’ни юқтириб олиш натижасида ҳосил бўлган иммунитет 90 кун давомида қайта касалланишдан сақлайди.

COVID-19 вакциналарининг реал ҳаётда қандай таъсир қилиши ҳақида айни пайтда барча халқаро илмий-текшириш институтлари ва нуфузли вакцина ишлаб чиқарувчи компанияларда изланишлар олиб борилмоқда. Эмлашдан кейинги иммунитет давомийлиги ҳақида бир нарсани аниқ айта оламиз, барча тадқиқотчилар томонидан ушбу вакциналар қабул қилингандан кейин тўлиқ бир йил давомида касалликка қарши иммунитет ҳосил қилиши таъкидланмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Вакциналар узоқ муддатли ҳимояни кафолатлай оладими?