14:00 / 20.03.2021
1 985

Zamin.uz барчани Наврўз айёми билан табриклайди

Zamin.uz барчани Наврўз айёми билан табриклайди
Уйғониш ва янгиланиш, қут-барака элчиси Наврўзи айём шукуҳидан диллар яйрамоқда. Тинч ва осойишта юртимизга тўй-томошалар, байрамлар ярашади.

Мамлакатимизда Наврўз қадриятлари билан жорий йилнинг Фаол тадбиркорлик, инновацион ғояларни ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилинишида ҳам ўзгача узвийлик мужассам. Айтиш жоизки, Наврўз ўзаро қадр-қиммат, хайру саҳоват, меҳр-оқибат тимсолидир.

Эзгулик, саҳоватга йўғрилган уйғониш, яшариш айёми бу йил дилларимизни яна қувонч-у шодликка чулғади. Наврўз халқимизни тинчлик, баҳамжиҳатлик, хайр-у саховатга чорламоқда.

Ҳурматли сайтимизнинг доимий ўқувчилари, меҳмонлари. Сизларни мана шу гўзал, тароватли Наврўз айёми билан чин дилдан қутлаймиз. Сизларга аввало соғлик-омонлик, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, бахт-саодат тилаймиз. Барча ишларингиз ва ўқишларингизда омад ёр бўлсин. Наврўзи оламнинг ҳаётбахш нур-зиёси қалбингизни поклаб, нурафшон айласин.

Наврўз келди

Ҳамал кирди, уйғонди тупроқ,
Қирлар узра сеп ёйди майса.
Кўклам, дея суюнар япроқ,
Осмон мовий тус олган лаҳза.

Сумалакдан хуш бўй таралар,
Кўксомсада мадор бўлган жо.
Яна янги дунё яралар,
Қаҳратондан қилиб мосуво.

Наврўз – унда оний умрнинг,
Бор гўзаллик, шавқи мужассам.
Юракка сим-сим оққан нурнинг
Шўх ўйноқи завқи мужассам.

Ҳамал кирди, товланди борлиқ
Камалакнинг етти рангида.
Ғолиб чиқди митти бинафша
Майсаларнинг нафис жангида.

Жой тополмай қолдим саросар,
Наврўз келди тортиб лашкарин.
Ҳаёт янги ўзанин топар
Яшаради боққаним сари.

Ҳамал кирди, уйғонар борлиқ,
Эпкинларни қутлайди саҳар.
Асрларга алёрлар айтиб,
Ҳаёт қайта яшариб борар.

Фазлиддин САТТОРОВ

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Zamin.uz барчани Наврўз айёми билан табриклайди