21:00 / 10.04.2021
1 626

Саида Мирзиёева: «Жамиятимиз «аёлнинг ўзи айбдор» деган қараш учун оғир бадал тўлаяпти»

Саида Мирзиёева: «Жамиятимиз «аёлнинг ўзи айбдор» деган қараш учун оғир бадал тўлаяпти»
Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия аъзоси Саида Мирзиёева Термиз ва Шовотдаги нохуш воқеаларга тўхталиб, аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик қилиниши ҳолатлари кўплигининг сабаблари ҳақида фикр билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Термиз шаҳрида мактаб ўқувчисининг номусига тегилгани шаҳар ИИБ томонидан бости-бости қилингани, йигитнинг дўстлари ИИБда ишлаши бунга сабаблиги айтилмоқда.

Хоразм вилоятининг Шовот туманида эса 19 ёшли ҳомиладор келин молхонада ўзини осиб ўлдиргани маълум бўлди. У ўлимидан олдин йўлкира учун қўшнисидан 5 минг сўм қарз олгани сабабли калтакланган бўлиши мумкин.

Саида Мирзиёева бу воқеалардан кейин хотин-қизларни оиладаги зўравонлик ҳақида сукут сақламасликка чақирди.

«Аёлларга нисбатан зўравонлик мавзусидаги янгиликлар кейинги кунларда умидсизлик занжирига боғланиб кетяпти.

Бири ўғил фарзанд кўролмагани учун қизлари билан ўзини поезд тагига ташлади. Бошқаси калтакларга чидолмай, ўзини осди. Қўшниларидан йўлкирага беш минг олганига дўппослашибди. Норасида қизнинг номусига теккан кимса жазосиз қолди, оиланинг зўравонга кучи етмади.

Бундай хабарларни эшитиб, одамнинг кўнгли бузилиб кетяпти. Бу ҳали дараги бизгача етиб келганлари. Яна қанчаси бости-бости бўлиб кетяпти экан?

Жазосизлик – сукут натижаси.

Аёл киши уйидаги гапни ташқарига чиқариши, дарди, мусибати ҳақида бировларга гапириши қанчалик қийинлигини тушунаман. Кўпчилик хотин-қизлар буни ўзи учун шармандалик деб билади. Ана шу ўринсиз уятни енгиб, зўравонлик ҳақида очиқ сўзлай олаётганлар таҳсинга лойиқ. Сиз фақатгина ўзингизга эмас, балки кун сайин, йиллаб зулмга чидаб келаётган, жабрдийда бўла туриб, таъналар тагида қолишдан қўрққан, ҳатто энг яқинларига ҳам дардини айта олмаётган аёлларга ёрдам беряпсиз.

Бировга зулм қилувчилар, мансабидан фойдаланиб, жиноятчиларни қўллаётганлар, телефон орқали иш битирадиганлар, одам танлаб, айримларни бошқалардан устун қўядиганлар шарманда бўлсин! Шулар таънага қолсин!

Ёшгина келиннинг ҳаёти беш минг сўмга баҳоланибди. Битта қўнғироқ навниҳол қизнинг номусига тенглаштирилибди. Бир оғиз маломат она ва унинг қизалоқлари ҳаёт-мамотини ҳал қилибди.

Жамиятимиз разолат ва сукут учун, «аёлнинг ўзи айбдор» деган қараш учун жуда оғир бадал тўлаяпти.

Қонунлар бор. Ҳамма қонун олдида бирдек жавоб бериши керак. Aёллар ва болаларга нисбатан зўравонликни ҳаққоний тергов қилиш масаласи бирламчи вазифалар қаторида бўлиши шарт.

Жиноятчилар жазо муқаррар эканини билсин!
» – дея ёзади Саида Мирзиёева.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Саида Мирзиёева: «Жамиятимиз «аёлнинг ўзи айбдор» деган қараш учун оғир бадал тўлаяпти»