Саида Мирзиёева халқимизни Мустақиллик байрами билан қутлади!

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева юртдошларимизни давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан самимий муборакбод этди.
Ўз қутловида Президент Администрацияси раҳбари давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан келгуси ўн йиллик «Миллий юксалиш даври» деб эълон қилинганини таъкидлаб, мамлакат тараққиётининг янги босқичида олдинда улкан миллий дастурлар ва стратегик мақсадлар турганини қайд этди.
«Миллий юксалиш даври»нинг асосий устувор йўналишлари
Саида Мирзиёева келгуси даврда давлат ва жамият ҳаётида ҳал этилиши лозим бўлган энг муҳим вазифаларга алоҳида эътибор қаратди:
Инсон капитали ва билим: Билим, кўникма ва инновацион ғояларни амалий капиталга айлантириш ҳамда таълим тизимини модернизация қилиш;
Саломатлик ва узоқ умр кўриш: Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва сифатли тиббий хизмат орқали фуқароларнинг узоқ ва фаровон умр кечиришини таъминлаш;
Юқори технологияли иқтисодиёт: Иқтисодиётни рақамлаштириш, юқори технологик тармоқларни ривожлантириш ва инновацион ишлаб чиқаришни кенгайтириш;
Экология ва сув хавфсизлиги: Атроф-муҳитни асраш, сув ресурсларидан оқилона ва ҳар томонлама тежамкор фойдаланиш механизмларини жорий этиш;
Қонун устуворлиги ва маҳалла: Жамиятда қонун устуворлигини тўлиқ кафолатлаш, адолат тамойилларини мустаҳкамлаш ҳамда маҳалла институти нуфузини ошириш;
Халқаро майдондаги нуфуз: Янги Ўзбекистоннинг глобал майдондаги обрў-эътибори ва геосиёсий мавқеини янада юксалтириш.
Табрик сўнгида Саида Мирзиёева юртдошларимизга самимий тилаклар билдириб: «Байраминг муборак бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!», дея ўз мурожаатини якунлади.































Изоҳлар 0
…