08:41 / 20.04.2021
2 717

Сурхондарёда яшайдиган рус ва корейс ҳожи оналар


Фото: «Халқ сўзи online»
«Халқ сўзи online» Сурхондарёда вилоятида Ҳажга борган рус ва корейс онахонлар — Алла Сатторова ва Алла Мун тўғрисида маълумот берди. Нашрнинг ёзишича, улар вилоятда фаолият олиб бораётган рус ҳамда корейс маданий маркази аъзолари, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган Бувижонлар мактаби фаолларидир.

Рус миллатига мансуб бўлган Алла Сатторова Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида дунёга келган. Собиқ Иттифоқ даврида Ўзбекистондан ҳарбий хизматга борган йигитга 1974 йилда турмушга чиққан. Тўй Нижний Новгородда бўлиб ўтган, унга йигитнинг ота-онаси ва яқинлари ҳам келган. Фарзандли бўлгач, ёш оила Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманига муқим яшаш учун қайтиб келган.

1979 йилдан тумандаги болалар боғчасида рус тили тўгараги раҳбари сифатида иш бошлаган. Бу орада фарзандлари сони 5 нафарга етган. Касби ўқитувчи бўлган турмуш ўртоғини тоғли Қўрғонча хўжалиги ҳудудида жойлашган мактаб ўқитувчилигига юборишган ва 10 йил мобайнида шу ерда яшашган. Кейинчалик, вилоят маркази — Термиз шаҳарига кўчиб келишган.

«2019 йилда яхши инсонларнинг кўмаги билан Умра ҳаж зиёратини адо этиш бахтига муяссар бўлдим. Бу менинг ҳаётимдаги энг қувончли воқеа бўлди. Шу ўринда таъкидлашим жоизки, турмуш ўртоғим билан никоҳимиз ҳам замонавий, ҳам шаръий тартибда бўлиб ўтган. Шундан буён ҳам орадан 45 йил вақт ўтди. Мен эса ўзим эътиқоди қилган динни бир умр қалбимда сақладим, ардоқладим. Бу менинг энг катта бахтим.

Рости, ўзим туғилган жой, унинг одамлари билан алоқаларимни узганим йўқ. 91 ёшни қаршилаётган отам борлар. Вақти-вақти билан улар ҳолидан хабар олиб келаман. Ёшлигим ўтган шаҳар кўчалари, одамлари менинг қалбимда яшайди доим...
», — деб таъкидлаган айни пайтда нафақада бўлган Алла Сатторова.

Фото: «Халқ сўзи online»
Корейс миллатига мансуб Алла Муннинг сўзларига кўра, ота-онаси 1946 йилда Россиядан Тошкентга кўчиб келган. Кейинчалик улар Сурхондарё вилоятининг Узун туманига муқим яшаб, ҳаёт кечира бошлаган. Бу ерда улар деҳқончилик, хусусан, пиёз ва шоли экиш билан шуғулланган. Унинг ўзи 1960 йили туғилган. Маҳаллий одамлар орасида ўсиб, ўзбек тилини ўрганган, шу ерлик аҳолининг урф-одатлари, қадриятлари руҳида тарбия топган.

Турмушга чиқиб, фарзандли бўлгач, 2004 йили оила аъзолари билан Узун туманидан Термиз шаҳрига кўчиб келган. 2016 йилда Умра ҳаж зиёратига бориб келган.
«Кўп йиллик орзуларим ушалди. Ўзим корейс аёли бўлсам-да, исломий эътиқод менинг ҳаётим бош маслагига айланган. Ўзбекистондаги эътиқод эркинлиги, демократик тамойиллар мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга ва бу жамият ривожи учун жуда муҳим омил саналади. Президентимиз олиб бораётган халқчил сиёсат шу юртда яшовчи турли миллат вакилларининг бахтли, саодатли ҳаётини таъминлашга хизмат қилмоқда. Мана шундай инсон шаъни улуғланган юртда яшаётганимдан бениҳоят бахтиёрман!», — деган Алла Мун.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сурхондарёда яшайдиган рус ва корейс ҳожи оналар

Жамият янгиликлари