13:00 / 03.05.2021
3 427

Қашқадарёда ўқувчига танбеҳ берган ҳомиладор ўқитувчи калтакланди (видео)


Фото: NasafNews
Қашқадарё вилояти Касби туманидаги Чўлқувар қишлоғида жойлашган 50-сонли мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси ўқувчига танбеҳ бергани учун унинг онаси ва бувиси томонидан калтакланди, деб хабар беради NasafNews.

Маълум бўлишича, ўқитувчи 26 апрель куни 2-синфларга дарс бергани кирган ва орқа партада ўтирган болакай шовқин солиб, дарс жараёнига халақит қилган. Аниқланишича, бола «нулевой» синфдан бўлиб, шу мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган онаси уни 2-синфларга қўшиб қўйган.

«Бола жуда эрка ва шовқин кўтаргани учун унга танбеҳ бердим. Дарс тугади. 5-соат бошлангандан кейин 1-А синфга дарсга кирдим, инглиз тили фанидан. Ҳалиги болакайнинг онаси ёнимга келди. ‘Нима учун фарзандимга уришасан, урдинг, икки шапалоқ урдин’, деб туҳмат қилди. Шундан кейин бу аёл 1-синфларнинг олдида мени ура кетди. Мен агар бирор айб иш қилган бўлсам, узр сўрайман дедим. Аммо у менга қулоқ солмади»,  — дейди жабрланувчи.

Аёлнинг таъкидлашича, жанжал директорнинг хонасида ҳам давом этган. Дарс пайти директор ўқитувчини чақиртирган. Хонада ўқувчининг бувиси бўлган. У ҳам «нега набирамни урасан, сени йўқ қиламан, бўшаттираман» дея аёлга таҳдид қилган. Хонадан ташқарига чиқилганида, ўқитувчининг юзига шапалоқ тортган. «Кейин иккинчи қаватдан опаси югуриб чиқдида, у ҳам уриб, калтаклаб кетди. Кутилмаган зарбадан ўзимни ҳимоя қилолмай қолдим», — дейди жабрланган ўқитувчи.

Мактаб директори Олим Нуриллаев инглиз тили ўқитувчисининг ўзи болани урганини айтиб, воқеани «арзимаган тортишув» деб баҳолаган. Директорнинг айтишича, унинг хонасидан чиққан боланинг бувиси ва онаси залда инглиз тили фани ўқитувчиси билан тортишиб қолган. Ҳолат кузатув камерасига тушган.

Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, ўқитувчи 30 ҳафталик ҳомиланинг муддатидан олдин тушиш хавфи билан туман туғруқхонасига 29 апрель куни соат 20:30 да келтирилган.

Травматолог кўригидан сўнг унинг чап елка юқори учлигида терида 3×4, чап болдир юқори учлигида эса 6×4 сантиметрли кўкаришлар қайд этилган. Шунингдек, вилоят перинатал марказидан келган малакали мутахассислар томонидан бемор кўрикдан ўтказилиб, зарур муолажалар олиб борилган. Уни дори-дармонлар билан таъминлаш, тиббий экспертизадан ўтказиш чоралари ҳам белгиланган. Айни пайтда беморнинг аҳволи қониқарли.

Касби туман ҳокимлиги ҳам мазкур ҳолатга муносабат билдирган бўлиб, ҳозирда суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

«Ушбу ҳолат юзасидан ‘Чўлқувар’ МФЙ профилактика инспектори томонидан дастлабки суриштирув ҳаракатларини олиб бормоқда. Ўқитувчи Л.Э.нинг тан жароҳати юзасидан судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Ўқитувчининг ва ота-онанинг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилади. Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан мактаб раҳбариятига ҳолат юзасидан хизмат текшируви тайинланиши мумкин», — дейилади муносабатда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қашқадарёда ўқувчига танбеҳ берган ҳомиладор ўқитувчи калтакланди (видео)