08:30 / 12.05.2021
462

Ўзбекистонда апрель ойида кўчмас мулкка бўлган талаб қандай ўзгарди?

Ўзбекистонда апрель ойида кўчмас мулкка бўлган талаб қандай ўзгарди?

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2021 йил апрель ойида Ўзбекистонда кўчмас мулк бозоридаги ўзгаришларни таҳлил қилди, деб хабар бермоқда «Gazeta.uz». Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, кўчмас мулкка бўлган талаб узоқ муддатли тенденцияга қайтди. Кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони ошиб, маҳаллий бозорда рекордлар ўрнатиши мумкин, лекин нархларнинг кескин ошиши кузатилмайди.

Апрель ойида мамлакатда кўчмас мулк бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони 20,8 мингтани ташкил этди, бу март ойига нисбатан 2,5 фоизга, 2019 йилнинг апрель ойига (16,2 минг) нисбатан 28,1 фоизга кўп. 2020 йилнинг апрель ойида коронавирус пандемияси туфайли бу кўрсаткич 2,1 мингга тушиб кетганди.

Апрелда кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони ўзгариши индекси.
Фото: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Кўчмас мулк бозорининг 30 фоиздан ортиғи Тошкент шаҳрига тўғри келади. Апрель ойида пойтахтда кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича тузилган шартномалар сони 6,76 мингтани ташкил этди, бу март ойига нисбатан 9,5 фоизга кўп. Шу билан бирга, 2019 йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш 83,4 фоизни ташкил этди. 2020 йилнинг апрелида пойтахтда бу кўрсаткич 214 мингтагача тушиб кетганди.

Ҳудудлар кесимида кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сонининг энг юқори йиллик ўсиш суръатлари Тошкент (9,5 фоиз), Фарғона (9,4 фоиз), Сирдарё (5,9 фоиз) ва Тошкент (3,3 фоиз) вилоятларида кузатилди. Бу кўрсаткич Сурхондарё (13,7 фоиз), Жиззах (9,9 фоиз) ва Навоий (8,4 фоиз) вилоятларида камайди.

2021 йилнинг биринчи чорагида жами 1,5 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилди. 1 апрель ҳолатига кўра, ипотека кредитлари қолдиғи 29,4 триллион сўмни ташкил этди, бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 7,1 триллион сўм (ёки 31,8 фоиз)га кўп.

Шундан 455,5 миллиард сўм (ипотека кредитлари умумий ҳажмининг 28,8 фоизи) Тошкент шаҳрига, 144,5 миллиард сўм (9,1 фоиз) Андижон, 127,9 миллиард сўм (8,1 фоиз) Фарғона ва 122,9 миллиард сўм (7,8 фоиз) Сурхондарё вилоятларига тўғри келди.

Январь—март ойларида берилган ипотека кредитлари.
Фото: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мутахассисларнинг қайд этишича, қурилиш ҳажмини оширишнинг асосий омили аҳолининг уй-жойга бўлган юқори талаби бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, уй-жой нархининг ошиши кутилмаяпти, чунки ҳукумат томонидан уй-жойлар квадрат метрининг нархи 4 миллион сўмдан ошмаслигини таъминлаш вазифаси қўйилди. Бунга арзон қурилиш материаллари билан таъминлашни йўлга қўйиш орқали эришиш режалаштирилган.

Уй-жой қурилиши дастурининг амалга оширилиши қурилиш бозорини қўллаб-қувватлашга ёрдам беради, бу эса ўз навбатида пандемиядан кейинги даврда иқтисодий ривожланишга қўшимча туртки беради.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда апрель ойида кўчмас мулкка бўлган талаб қандай ўзгарди?