08:30 / 18.05.2021
3 072

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Расул Кушербаев сўзларига муносабат билдирди


Депутат Расул Кушербаев «Сўз блогерларга» кўрсатувида блогер Отабек Сатторий ва унинг суд жараёни ҳақида сўз юритаркан, «Сурхондарё вилояти ҳокимига шу масалада алангали салом, деб қўймоқчи эдим. Отабек Сатторийнинг қандай жигарлари, фарзандлари бўлса, у кишининг ҳам худди шундай яқинлари бор. Бу дунё қайтар дунё эканлигини унутмаслик керак. Буни нима учун айтаётганимни у киши жуда яхши билиб турибдилар, менимча. Қолганларга ҳам инсоф берсин», — дея таъкидлайди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати Расул Кушербаевнинг вилоят ҳокимига нисбатан билдирган фикрлари юзасидан расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, депутат ОАВдаги ўз чиқишида Сурхондарё вилояти ҳокимига нисбатан «У кишининг ҳам худди шундай яқинлари бор, қайтар дунё бу» дея мавҳум айблов қўйиб, томошабинларда гўёки, блогер Отабек Сатторийнинг суд ишига вилоят ҳокими алоқадордек фикр уйғотган.

«Депутат томонидан Сурхондарё вилояти ҳокимига нисбатан қўйилаётган бу асоссиз айблов депутатлик одоби қоидаларига мутлақо тўғри келмайди», — дейилади ахборот хизмати хабарида.

Таъкидланишича, вилоят ҳокимлиги томонидан блогер Отабек Сатторийга қарши ҳеч қандай ҳаракат амалга оширилмаган, вилоят ҳокимлигининг ушбу ишга алоқаси йўқлиги боис суд жараёнида ҳокимлик ҳатто гувоҳ сифатида ҳам чақирилмаган.

Қолаверса, судлов фақат суд органлари томонидан амалга оширилади. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўзларига қонун билан белгилаб берилган ваколатлардан фойдаланган ҳолда иш юритади, суд органларининг ишларига аралашиш ҳокимлик ваколатига кирмайди.

Ҳокимлик хабарида депутатлик одоби қоидаларига кўра, депутат оммавий ахборот воситаларида чиқишда давлат органлари ва бошқа органларнинг фаолиятига муносабат билдирганда, ҳақоратомуз ибора ва сўзларни қўллашга, асоссиз айбловларга йўл қўйишга ҳақли эмаслиги белгилаб қўйилгани эслатиб ўтилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Расул Кушербаев сўзларига муносабат билдирди