10:57 / 20.05.2021
3 538

Сиз халқдан кечирим сўранг


Кеча ижтимоий тармоқларда ажойиб бир хабар тарқалди. Унга кўра, Япония бош вазири Ёсихидэ Суга қурувчилар билан учрашиб, улардан кечирим сўрабди. Бош вазирнинг узр сўрашига сабаб Япониядаги қурилиш майдончаларида ишлатилган асбест (толали тузилишга эга олтита табиий минерал ва кристаллар гуруҳининг тижорий номи) билан алоқа қилиш оқибатида бир гуруҳ ишчилар зарар кўрган.

Шунинг учун бош вазир ишчилар ва уларнинг оилалари билан учрашиб, улардан Япония ҳукумати номидан кечирим сўраган. Тўғри бу узр сўраш билан етказилган жароҳатлар тузалиб қолмайди, лекин кўнгилга ёқади. Мен ўйлаб қолдим бизда кўплаб бинолар ҳали битмасидан туриб қулаб тушди, метро қурилишида талафотлар кузатилди ва бир нечта одам ҳалок бўлди, Сардоба фожиасида қанчадан-қанча инсонлар бошпанасиз қолиб хотиржамлиги йўқолди,Йўлларимизнинг сифатсизлиги сабабли ҳар куни йўл транспорт ҳодисалари бўлади, метрода кун ора носозликлар кузатилиши сабаб аҳоли манзилига вақтида етиб бора олмайди.

Лекин бирор бир вазир ёки шу қурилишлар бўйича маъсул бўлган бош муҳандислар чиқиб халқдан узр сўраганини эшитмадим. Балки узр сўрагандир биз билмаган ва эшитмаган жойларда. Бизда раҳбар одам узр сўраса мансаби пасайиб қоладигандек иш тутишади. Ҳамма айб очиқ-ойдин мансабдорда бўлса ҳам жим оғзига талқон солиб тураверади. Қачонки бу ноҳақликларга Президент аралашмагунча улар пинагини бузмайди.

Бундан бир қанча вақт аввалроқ Япония бош вазири ўғлининг вазирлик ходимлари билан кечки овқатда қатнашгани учун кечирим сўраганди. Бизда бутун бир шаҳарни бошига кўтариб аҳоли гавжум бўлган катта йўлда отасини пулига келган (балки халқни пулигадир) машинани юқори тезликда ҳайдаб, пойга ўйнаб оддий халқни оромини бузган ҳоким ўзидан билиб бир оғиз узр сўрамади. Кечагина Тошкент шаҳар ҳоким ўринбосари мансабидан фойдаланиб маҳалла раисига қўл кўтарган. Гўё унга ҳамма ишга рухсат берилгандек. Ҳатто ходимларни калтаклашга, ҳақоратлашларга ҳам жазм этишади.

Бундан бир оз муддат олдин онлайн дарс ўтиш жараёнида ўқитувчи шўхлик қилаётган фарзандларига ҳақоратли сўзлар айтгани учун узр сўраб чиққанди. Бизда фақат оддий халққа яқинроқ соҳа вакиллари халқ ичида бош кўтариб юришдан уялиб узр сўрайди. Лекин халқни милиардлаб пулини ўзлаштириб кетган мансабдорлар ҳамон жим. Мен бу гапларим билан узр сўрасин демайман. Ҳар ким узр сўрашгача олиб борадиган иш қилмасин дейман, холос. Балки бу дунёда қилмишларимизни яширармиз, лекин охиратдачи? Аллоҳнинг олдида қандай жавоб берамиз?
 
Нурбек Ғофуров

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сиз халқдан кечирим сўранг