15:53 / 25.05.2021
2 917

Андижон прокуратураси ижтимоий тармоқларда 5 ойлик келиннинг зўрланишига оид асоссиз хабарларга таянмасликка чақирди


Фото: Видеодан кадр
Андижон вилояти прокуратураси интернет орқали 5 ойлик келиннинг зўрланиши билан боғлиқ ёлғон хабарларни тарқатмаслик бўйича огоҳлантириш билан чиқди.

Андижонда беш нафар эркак дала шийпонида 18 ёшли келинни зўрлагани, келиннинг яқинлари қонунбузарларга чора кўришни сўраётгани хабар берилганди.

Вилоят прокуратурасининг маълум қилишича, 13 май куни фуқаро О.О.нинг зўрланиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан Андижон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми (номусга тегиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларини ҳар томонлама тўла ва холисона ўтказилишини таъминлаш мақсадида, Андижон вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасининг малакали терговчиси иш юритувига ўтказилган ва тергов гуруҳи тузилган.

Ҳолат юзасидан ҳодиса жойига тергов-тезкор гуруҳи чиқиб, видеотасвирга олган ҳолда кўздан кечирилган ва терговга қадар текширув давомида ишга алоқадор бўлган барча ашёлар олинган. Тергов ҳаракатлари давомида жабрланувчи ҳамда гумон қилинган шахсларнинг барчаси суд-тиббий экспертизасидан ўтказилиб, олинган ашёлар бўйича судга оид биология, судга оид криминалистика ва судга оид микротола экспертизалари тайинланган.

Шунингдек, ишга алоқадор бўлган барча шахслар гувоҳ тариқасида батафсил сўроқ қилиниб, гумонланувчиларнинг шахслари тезкор йўллар билан ўрганилган. Жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлаш ва зудлик билан ўтказилиши лозим бўлган тергов ҳаракатлари бўйича Андижон вилояти прокуратураси томонидан ёзма кўрсатма берилиб, тергов ҳаракатлари устидан қатъий назорат ўрнатилган.

Таъкидланишича, жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари Жиноят-процессуал кодекси талаблари асосида олиб борилиб, айбдор шахслар доираси тўлиқ аниқланади ва уларга нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъминланади.

Ижтимоий тармоқларда, хусусан, YouTube’даги турли каналларда бир гуруҳ блогерларнинг Андижонга бориб, ҳолат юзасидан видеоматериаллар тайёрлагани тасвирланган роликлар тарқалмоқда. Андижон прокуратураси фуқароларни асоссиз хабарларга таяниб қолмасликка чақирган.

«Прокуратура органлари ҳар бир хабар юзасидан қонуний қарор қабул қилинишини таъминлайди ва фуқароларимиздан ваколатли идоралар томонидан тасдиқланмаган турли асоссиз хабарларга таянмасликни сўраб қолади», — дейилади баёнотда.

Шунингдек, вилоят прокуратураси аҳоли орасида ёлғон, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ҳамда ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш учун жиноий жавобгарлик мавжудлигини яна бир бор эслатиб ўтган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Андижон прокуратураси ижтимоий тармоқларда 5 ойлик келиннинг зўрланишига оид асоссиз хабарларга таянмасликка чақирди