14:54 / 02.07.2021
834

Россия тиббиёт университетининг Тошкент филиали очилади

Россия тиббиёт университетининг Тошкент филиали очилади

Фото: Global Education
1 июль куни Ўзбекистон Президентининг «Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур ҳужжатга кўра, соғлиқни сақлаш соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлашни янада такомиллаштириш, халқаро таълим стандартларини жорий этиш, тиббий хизматлар ҳажми ва сифатини ошириш, тиббиёт амалиёти, таълими ва илмий тадқиқотлари ўртасидаги интеграцияни таъминлаш, даволаш-ташхислаш жараёнига илғор ютуқларни ва инновацияларни татбиқ этиш мақсадида мамлакатда Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги филиали ташкил этилади.
Шунингдек, қарорга мувофиқ:
  • соғлиқни сақлаш тизими ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учун муҳим илмий-амалий муаммоларни ҳал қилишга қодир юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш;
  • тиббиёт кадрларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга йўналтирилган замонавий таълим дастурлари ҳамда ўқитиш шаклларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш, ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини, фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини жорий қилиш, ўқув-педагогик салоҳиятни ривожлантиришни рағбатлантириш;
  • тиббиёт ва тиббиёт илм-фани соҳасида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни олиб бориш;
  • таълим ва фаннинг узлуксизлиги ҳамда узвийлиги, шунингдек, жаҳон таълим ва илмий ҳамжамиятига мажбурий интеграциялашув ҳисобига мутахассислар, илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш;
  • таълим ва илмий фаолиятнинг тиббий ва фармацевтик фаолият билан чуқур интеграциялашуви учун шарт-шароитлар яратиш;
  • хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан таълим ҳамда тиббиёт илми соҳаларида узоқ муддатли муносабатларни мустаҳкамлаш филиал фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди.
Қарорга кўра, филиал Тошкент шаҳри Яшнобод тумани Маҳтумқули кўчаси, 103-уй манзилида жойлашган Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникаси бино ва иншоотларига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириладиган бўлди.

Филиалга йиллик қабул параметрлари тармоқ ва ҳудудлардаги тиббиёт кадрларига бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиб, Россиядаги университет билан келишилган ҳолда Васийлик кенгаши қарори билан тасдиқланади. Шунингдек, мақсадли буюртма бўйича кадрларни тайёрлаш, жумладан, филиал битирувчиларининг келгусида иш билан таъминланиши бўйича шартлар абитуриентлар ва манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда бошқа ташкилотлар ўртасидаги келишувларга мувофиқ аниқланади.

Бундан ташқари, давлат гранти асосида таҳсил олган филиал битирувчилари юртимизнинг давлат тиббиёт муассасаларида камида 5 йил ишлаш шарти билан ишга тақсимланади.

Таъкидланишича, филиалга ўқишга қабул қилинадиган талабалар умумий сонининг 40 фоизидан ортиқ бўлмаган талабалар ва ординатура тингловчиларини давлат грантлари бўйича ўқитиш:
  • Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳар йили ажратиладиган Ўзбекистон давлат бюджети маблағлари;
  • пуллик-шартнома асосида талабаларни ўқитишдан тушган маблағлар;
  • Васийлик кенгаши қарорлари асосида шакллантириладиган пул маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг мақсадли бадаллари ва хайрия ёрдамлари;
  • халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грант маблағлари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Шунингдек, филиал таъминоти учун бюджет ажратмалари 2021 йилда мамлакатнинг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида ажратилади. 2022 йилдан бошлаб эса мамлакатда Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратиладиган Ўзбекистон давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
Филиал таълим фаолиятини 2022/2023-ўқув йилидан бошлайди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Россия тиббиёт университетининг Тошкент филиали очилади