15:48 / 10.07.2021
3 781

Фақат қишдамас, ёздаям яшаш осон бўлмай қолди


Фото:«Xabar.uz»
Камина йигирма етти ёз кўриб, бундай жазирамани бошидан ўтказмаган. Аввал субҳидамда эт совуқдан жунжикиб уйғонарди, энди бўлса бўғзимгача терга ботиб, иссиқ ҳаво қисиб турмоқдаман.

Менку майли, иссиққа чидолмай, оғзини каппа-каппа очиб ёпаётган қариялар, кечагина туғилиб, жазирамада ҳамма жойига тошма тошган гўдаклар кўзга кўринади. Жафокаш ўзбек халқи йиллар давомида ёзни хушнудлик ва меҳнат билан ўтказарди, куз келиб, кунлар совуши билан ўтин-кўмир, свет-газ масаласи кўндаланг турарди. Энди эса ёз фасли ҳам одамлар учун осон бўлмаяпти.

Кўчага чиқасан. Шаҳар кўчалари оғзидан олов пуркаётган тандирга ўхшайди. Биронта паркка бориб салқинлаб келай десанг, боғларнинг эшигига қулф осилган, айримлари эса қурилиш майдонига айланган. Мутасаддилар қурилишу, ташкилий ишларни, оддий инсонлар эса тирикчиликни ўйлайди. Кимлардир мўмай пул орттиришни, хориждан вилла олишнию, кези келганда суришни ўйлайди.

Аммо деярли барчамиз асосийсини, абгор бўлаётган табиатни ўйламаймиз. Бир ҳовуч экофаолнинг қилгани худди қумга сингиб кетаётгандай.

Экология қўмитаси, Экологик партия деган номи жарангдор партиялар бор. Афсуски, уларнинг қўлидан хаттоки миллийликни байроқ қилиб олган партияга ўхшаб популистлик қилиш ҳам келмаяпти. Шундай вазиятда ҳеч бўлмаса минбардан туриб оташин баёнотлар бериш ҳам мумкин. Аммо бу ташкилотлар негадир жим...

«Ўзгидромет» ёзмоқда: «Охирги пайтлар кузатилаётган жазирамалар ўтмиш иссиқларига ўхшамаяпти. Кечги минимумлар юқори, дим, эрталабдан ноқулайлик туғдирадиган жазирамалар шунга ўхшаш ўтмиш иссиқ кунларидаги суткалик ҳаво ҳарорати умумий фонидан 5-6 даражага юқорилаб кетган.

Бу, яққол иссиқхона самараси(парник эффекти) натижасида юзага келмоқда. Сутка давомидаги максимум ва минимум ҳароратлар орасидаги фарқнинг камайиши, бу, кескин исиш ҳодисасини юзага келтириши табиий. Ва шаҳарсозлик таъсири омили».

Бизнинг на салқин денгизларимиз, на поёнсиз ўрмонларимиз бор. Кўп нарсадан мосувомиз. Шу аҳволда қурилиш баҳона дарахт кесаётган, яшил ҳудудларни йўқ қилаётганларнинг юрагига қойил қоламан. Яна улар сени халқ кўз ўнгида «янгиликка, қулайликка қарши» каби сифатлар билан кўрсатишади.

Ёшлигимда «Сўнгги аждарнинг ҳалокати» дея номланган фантастик ҳикоялар тўпламини севиб ўқиб чиққандим. Тўплам Ҳожиакбар Шайховнинг «Умид сайёраси» ҳикояси билан бошланади. Атмосфераси фтор билан ҳимояланган Нувогап сайёрасидаги бошбошдоқликлар, қуролланиш пойгаси, табиатни хўрлаш ортидан экологик фалокат юз беради. Сайёра қуёши — Дега юлдузининг ултрабинафша нурлари нувогапликларнинг катта қисмини давосиз касалликка дучор этади.

Ҳикояда Ер учун муҳим чақириқ, мужда бор. Ерда ҳам одамлар ўзаро келишмовчиликка чек қўйиш, ядро синовлари, экологияни асраш каби муҳим ишларда бирикмас экан, униям шунга ўхшаш тақдир кутади дейди асар қаҳрамони...

Бизнинг юрт айниқса, қурғоқчил минтақада жойлашган. Аҳоли шиддат билан ўсмоқда. Шу кетишда йигирма йилларда сув, ҳаво, дов-дарахт, табиий ресурслар бўйича ҳолатимизни тасаввур қилишга қўрқаман. Яхшиям ўзбекни қутқарувчи бир ибора бор:
«Яшасак кўраверамиз...»

Улуғбек Орипов

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фақат қишдамас, ёздаям яшаш осон бўлмай қолди