
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов кафе ва ресторанларга қўйилган чекловларни қайта кўриб чиқишга чақирди.
У Telegram'даги каналида қолдирган постда умумий овқатланиш объектларига қўйилган жиддий чекловларни ҳазиломуз тарзда танқид қилади.
“Билмаганлар билиб қўйсин!
Коронавирус автобусда эмас, метрода эмас, ишхонада эмас, айнан ресторанда, соат 20:00дан кейин пайдо бўлади.
Соат 20:00гача у бекиниб ўтиради. Золушканинг араваси тунги 12да қовоққа айланиб қолгани каби. Ёмон писмиқ вирус-да бу. Билади-да ҳамма 20:00дан кейин ресторанга ёпирилиб боришини.
Ва айнан 20:00 дан кейин, эътибор беринг шу жойига, ааайнан ресторанга ёки кафега боради. Тўйхонага ҳам эмас, ишхонага ҳам эмас, ааайнан ресторан ва кафега”, – дея ёзди Алламжонов.
“Бу масалани жиддий кўриб чиқиш фурсати келди, деб ўйлайман”, дея қўшимча қилган Масс-медиа фонди раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, эпидемиологик вазият ёмонлаша боргач, Махсус комиссия 28 июндан бошлаб умумий овқатланиш шохобчалари ва кўнгилочар объектлар фаолиятини кундузи 08:00–20:00гача дея чеклаб қўйди.
20 июлдан бошлаб эса чеклов кучайтирилди: шу кундан бошлаб, кафе ва ресторанларга ёпиқ биноларда ишлаш тақиқланди; таом етказиб бериш хизматларининг иш вақти 8:00–23:00 деб белгиланди.
Орада депутатлар ходимларини етарли миқдорда эмлаган кафе ва ресторанларга нисбатан карантин талабларини юмшатишни таклиф қилди, Коронавирусга қарши курашиш штаби ҳам шунга ўхшаш янгилик кутилаётганини билдирди, бироқ бу амалга ошгани йўқ.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар