10:17 / 12.08.2021
2 193

Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакцина олишнинг ҳукмини тушунтирди


Ўзбекистонда айни пайтда вакцина олишга тарғибот кетмоқда. Хусусан, жума намозини ўтказишга ҳам масжидларнинг барча ишчи ва ходимлари вакцинанинг камида 2 та дозаси билан эмланганлиги тўғрисидаги сертификатга эга бўлган тақдирда ўтказишга рухсат берилди, бунда масжидга ташруф буюрувчилар ҳам коронавирусга қарши вакцина билан эмланган бўлиши керак. Ислом дини бунга қандай муносабат билдиради? Вакцина олишнинг ҳукми қандай? Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг ушбу саволларга берган жавоби қуйида тўлиғича тақдим этилди.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Маълумки, соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари қарийб икки йиллик кузатишлар ва изланишлардан кейин коронавирус — COVID-19 касаллигидан сақланишнинг энг самарали воситаси вакцина олиш экани тўғрисида хулосага келдилар.
Динимизда инсоннинг жони, эътиқоди, ақли, моли ва обрўсини сақлаш муҳим кўрсатмалардир. Мана шу жиҳатларга зарар етадиган ҳолатларда шариатимиз зарарни даф қилиш сабабларини қўллашга буюради. Шундай экан вакцина олиш зарурати бир неча жиҳатлар билан таъкидланади.

Биринчидан, динимиз кўрсатмаларига кўра, Аллоҳ таоло ҳар бир дарднинг шифосини ҳам берган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:
‘Аллоҳ таоло ҳар бир касалликка шифосини туширгандир’ (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа ҳадисда шундай баён қилинади:
Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан аъробийлар: ‘Эй Аллоҳнинг Расули, даволанайликми?’, деб сўрашди. У Зот алайҳиссалом: ‘Ҳа, эй Аллоҳнинг бандалари, даволанинглар. Чунки Аллоҳ ҳар бир касалликка даво яратгандир’, дедилар. (Имом Бухорий ривоятлари).

Иккинчидан, баъзи кишилар касал эмаслигини рўкач қилиб, вакцина олишга бепарво бўладилар, ваҳоланки, шариатимизда беморликдан аввал ундан сақланишга буюрилган. Бу ҳақда уламоларимиз шундай деганлар:
‘Касалликдан сақланиш уни даволашдан яхшироқдир’ (‘Ал-Фиқҳул исломий ва адиллатуҳу’ китоби).
Демак, бемор бўлмаган кимсалар ҳам касаллик тегишининг олдини олиши ва шунга сабаб бўладиган муолажаларни қилиши динимиз талабидир.

Учинчидан, динимиздаги асосий қоидалардан бири ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар бермасликдир. Бу ҳақда Абу Саъид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
‘Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ’, деганлар (Имом ибн Можа ривояти).
Демак, вакцинани олишимиз биринчи навбатда ўзимизнинг соғлиғимиз, қолаверса, яқинларимизнинг соғлиғини сақлашга сабаб бўлади.

Тўртинчидан, ҳозирги кунда Ҳаж ва Умра зиёрати сафарини режалаштираётган кишилардан ҳам биринчи навбатда вакцина билан эмланган бўлиши талаб қилинмоқда. Қолаверса, дунёнинг ҳар қандай давлатига бормоқчи бўлган кишидан вакцина билан эмланганлик сўралмоқда.

Хулоса шуки, ҳозирги кунда давлатимиз томонидан фуқароларимизга етказиб берилаётган вакциналарни олишимизга динимиз рухсат беради. Эмланиш шаръан жоиз, чунки бу даволанишнинг бир кўринишидир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакцина олишнинг ҳукмини тушунтирди