Тошкентда итларни калтаклаб ўлдирган ветеринар суд ҳукмини эшитди

Тошкент шаҳрида тўртта итга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган ветеринарга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. Суд қарорига кўра, у 7 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилди, унга ёрдам берган икки нафар шахс эса жарима тўлашга мажбур бўлди.
Маълум бўлишича, воқеа 2026 йил 19 июнь куни Мирзо Улуғбек туманида жойлашган мебел цехи омборхонасида содир бўлган.
Суд ҳужжатларида келтирилишича, ветеринар С.С. танишининг қўнғироғидан сўнг омборхонага борган. Унинг айтишича, у ерда қутуриш (вабо) аломатлари кузатилган итларни оғриқсиз усулда “ухлатиш” сўралган. Ветеринар ўғли билан бирга етиб борганида икки ит аллақачон ўлганини, қолган итлар эса уларга ҳужум қилганини билдирган.
Унинг таъкидлашича, ўзларини ҳимоя қилиш мақсадида итларни таёқ билан ҳушсизлантиришга уринган ва кейинчалик махсус дори воситаси орқали оғриқсиз эвтаназия қилишни режалаштирган. Айтишича, улар ҳудудни тарк этган пайтда итлар ҳали тирик бўлган.
Судда ветеринарнинг ўғли ҳам кўрсатма бериб, отасига ёрдам бериш учун борганини, итлар ҳужум қилганидан кейин ўзини ҳимоя қилиш мақсадида бир неча марта таёқ ишлатганини, ҳайвонларни ўлдириш нияти бўлмаганини маълум қилди.
Бироқ Экология ва ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти вакиллари воқеа жойида олинган видеоларни тақдим этган. Уларда уч нафар шахснинг итларни шафқатсиз тарзда калтаклаётгани акс этган. Шунингдек, қўшни хонадонда яшовчи аёл ҳам воқеага гувоҳ бўлганини, эркакларни тўхтатишга уринганини, аммо бунинг самараси бўлмаганини айтган.
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди С.С.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликда айбдор деб топди ва унга нисбатан 7 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади.
Унга ёрдам берган икки нафар шахс — Д.С. ва Р.А. эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида, яъни 4 миллион 120 минг сўмдан маъмурий жаримага тортилди.






























Изоҳлар 0
…