15:26 / 16.08.2021
2 336

Сурхондарёда Афғонистон ҳарбий самолёти қулади

Сурхондарёда Афғонистон ҳарбий самолёти қулади
Фото: Topnewsuz / Telegram
Кеча, 15 август куни кечқурун Сурхондарё вилояти Шеробод туманида Афғонистон ҳарбий ҳаво кучлари белгиларига эга самолёт номаълум сабабларга кўра қулаб тушди. Интернетда тарқалган фото ва видеоларда ҳалокатга учраган самолёт бўлаклари ва камида бир нафар жабрланувчини кўриш мумкин.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати Kun.uz саволига жавобан айни пайтда вазирлик вакиллари воқеа жойида ўрганишлар олиб бораётгани ва тез орада бу ҳақда аниқ маълумот берилишини маълум қилди. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Фото: Topnewsuz / Telegram
Gazeta.uz'нинг Сурхондарёдаги манбаси икки нафар афғонистонлик ҳарбий Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Термиз филиалига ётқизилганини маълум қилган.

Манбага кўра, бунга қадар Афғонистоннинг яна уч ҳарбийси бу муассасага ётқизилган. Бу уч ҳарбий аввалроқ Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида тиббий ёрдам сўрагани айтилган шахслар бўлиши мумкин.

Нашр манбаси РШТЁИМ Термиз филиалида даволанаётган беш нафар афғонистонлик аскарнинг саломатлиги ҳолати ўртача эканини билдирган.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, самолётдагилар парашют билан сакрашга улгурган бўлишлари мумкин. Қурбонлар бор-йўқлиги ҳозирча номаълум.

Gazeta.uz, шунингдек, ўзбекистонлик бир нафар ҳарбий ҳам касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар берган. Бу Афғонистон самолётининг қулаши билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслиги номаълум.

Daryo.uz'га кўра, Сурхондарё вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси вакили нашр мухбири билан суҳбатда Шерободга Афғонистон самолёти қулаганини қисман тасдиқлаган.

“Кўзим билан кўрганим йўқ, аммо самолёт бор дейишди. [...] Тошкентдан етиб келган 25 нафар эксперт самолёт қулаши билан боғлиқ ҳодиса тафсилотларига аниқлик киритади. Шундан кейин самолёт қандай қулагани бўйича маълумот бера оламиз”, – деган бошқарма вакили.

Кеча интернетда Термиз осмонида ўнлаб харбий вертолётлар тинимсиз учиб юргани ҳақида видео тарқалганди.

ЎзАнинг хабар беришича, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов 15 август куни Термиз шаҳрининг Афғонистон билан чегарадош Паттакесар, Нурли келажак ҳамда А.Жомий маҳаллаларида бўлиб, аҳоли вакиллари билан учрашган ва “ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ”лигини айтган.

Термиз-Ҳайратон кўприги ҳудудида вазият барқарор. Кўприкнинг Афғонистон қисмида тўпланган Афғонистон фуқароларининг асосий қисми кўприкни ва унга туташ ҳудудни мустақил равишда тарк этди. Бунга фаол сиёсий ва дипломатик саъй-ҳаракатлар, шунингдек, олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида эришилди”, – деган Тўра Боболов.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сурхондарёда Афғонистон ҳарбий самолёти қулади