21:31 / 30.09.2021
1 815

Анор доналари каби эзилдим... (Мутлақо шахсий қараш)

Анор доналари каби эзилдим... (Мутлақо шахсий қараш)
Фото: «Voloknews.ru»
Туппа тузук саводи бор одамлар китоб ўқимай қўйди. Азза мазза зиёли кишилар китоб ўқимай қўйди. Китоб дўконларида китобларнинг тахи бузилмай тураверади. Китоб дўконларида сидирғи савдо бўлмайди. Китоб сотувчи дўконда савдо йўқлиги учун мулгилаб-мулгилаб ўтиради. Китоб сотувчи дўконда харид йўқлиги учун эснаб-эснаб ўтиради. Китоб сотувчи дўконда сўров йўқлиги учун қичиланиб-қичиланиб ўтиради.

Устоз ва мураббийлар байрами арафасида шаҳардаги китоб дўконларига бирма-бир кираман. Китоб сотувчидан китобнинг нархини сўрасам, у менга бош адоқ қарайди. Китоб сотувчи менга энсаси қотиб, энсаси қотиб қарайди. Китоб сотувчи менга истамай-истамай қарайди. Китоб сотувчи менга эриниб-эриниб қарайди. Бу қарашида олам-олам маъно бўлади. Унинг бу қараши, ўзи бу китоб олама олмайма, демиш бўлади.

Мен китобларни меҳр билан силайман. «Темур тузуклари» китобининг нархини сўрайман. Китоб сотувчи нархини айтар айтмас «Темур тузуклари»дан 10 та, «Калила ва Димна»дан 10 тани ўраб беринг, дейман. Китоб сотувчи ўрнидан сапчиб туради. Китоб сотувчи ўрнида ўрчиб туради. Китоб сотувчи ўрнидан кўпчиб туради. — 10 та ?! Китоб сотувчининг кўзларида ҳадик бўлади. Китоб сотувчининг юзларида ишончсизлик бўлади. Бу ҳадик ва ишончсизликда маъно бўлади. Ўзи тўғри эшитдимми ёки уйқусирадимми, деган маъно бўлади. Китоб сотувчи менга эмраниб-эмранибда қарайди.

— Устозлар байрамида муҳтарам устозларимга бир жуфтдан китоб совға қилмоқчийдим, дейман қимтинибгина. Энди китоб сотувчининг кўзларида қуёш порламиш бўлади. Унинг қарашлари мени ўзига чорламиш бўлади. Китоб сотувчи менга пиёлада чой узатади. Китоб сотувчи менга қадамларингизга ҳасанот, дейди. Китоб сотувчи менга илтифот кўрсатади. Мен дўконда узоқ қолиб кетаман. Китобларни бирма-бир қўлларимда тутаман. Китоблар мени ўзига чорлайверади-чорлайверади. Мен китоб дўконидан чиқиб бозорнинг биқинидаги ёлғизоёқ йўлдан уйимга яёв кетаман. Бу йўл менга қадрдон йўл бўлади. Мен бу йўлдан эртан оқшом ўтаман. Бозор мисоли чумолининг уяси бўлади. Бозор мисоли арининг уяси бўлади. Бозорда одам қайнайди. Бозорга минг одам кираверади, минг одам чиқаверади.

Бозорга кирмиш кишиларнинг ҳам қўлида тўрвахалтаси тўла бўлади, бозордан чиқмиш кишиларнинг ҳам қўлида тўрва халтаси тўла бўлади. Шаҳарда нима кўп озиқ-овқат дўкони кўп. Озиқ-овқат дўконларида одамлар турнақатор бўлади. Биров кираверади, биров чиқаверади. Бозор билан озиқ-овқат дўконларининг сотувчилари китоб дўконининг сотувчиси каби биттагина бўлмайди. Бозор билан озиқ-овқат дўконининг сотувчилари беҳисоб бўлади. Бозор билан озиқ-овқат дўконларининг сотувчилари мисоли бутун бошли лашкар бўлади.

Ҳар бир харидорга бир сотувчи бўлади. Лашкар-лашкар сотувчиларнинг қўли-қўлига тегмай савдо қилади. Лашкар-лашкар сотувчиларнинг оёғи-оёғига тегмай савдо қилади. Лашкар-лашкар сотувчилар кўз илғамай-кўз илғамай савдо қилади. Бир рўзғордан бир неча киши озуқа қидириб бозор оралайди. Бир рўзғордан бир неча киши озуқа қидириб дўкон оралайди. Ҳаммалари бозорнинг ҳар бурчагига кўз қирини ташлаб чиқадилар. Ҳаммалари дўконнинг ҳар бурчагига кўз қирини ташлаб чиқадилар. Бозордан тополмаган емакни дўкондан қидиради. Дўкондан тополмаган емагини бозордан қидиради.

Лекин биров ярими бозор билан дўкон оралиғидаги китоб дўконига кўз қирини биргина ташлаб қўймайди. Уларнинг жисмига емак керак бўлади. Уларнинг жисмига таомнинг сара-сараси керак бўлади. Уларнинг нафсига озиқ-овқатнинг керак-керак эмаси керак бўлади. Улар тинмай емак қидиради. Улар искаланиб-искаланиб емак қидиради. Улар ис олиб-ис олиб емак қидиради. Излаган емак Термиздан топилмаса, Деновдан изламиш бўлади. Излаган емак Денов бозоридан топилмаса, Тошкентдан изламиш бўлади. Излаган емак топилмагунча тинмайди. Топилмаганига кўнмайди.

Буюм бозорида ҳам худди шу тасвир такрорланади. Одамлар уст бош қараб изғийди. Одамлар мода қувиб-мода қувиб уст бош қарайди. Уст бош қиммат бўлса-да сотиб олаверади. Сотиб олган уст бошини кўз-кўз қилаверади. Одамлар бир киймиш кийимини қайта кийиши даргумон бўлади. Одамлар подцвет уст бош кийиб шодумон бўлади. Одамлар оқ уст бошга оқ патинка сотиб олади. Одамлар қизил уст бошга қизил патинка сотиб олади. Одамлар патинканинг ранги оз-моз тўғри келмай қолса ҳам, тўғри келадиганини эринмай излайди. Одамлар бир патинканинг пулига 10 та китоб беришини ўйлаб кўрмайди. Одамларга китоб керак бўлмайди. Одамлар китобнинг кераклиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.

Мен Одамларнинг 3000 долларга уст бош сотиб олганини кўрдим. Мен одамларнинг 5000 долларга телефон сотиб олганини кўрдим. Мен одамларнинг 10 миллион сўмга биттагина телевизор сотиб олганини ҳам кўрдим. Мен одамларнинг минглаб одамларга ҳафталаб эртанни оқшом қилиб тўй берганини ҳам кўрдим. Мен одамларнинг эртаю кеч ресторану емакхоналарда ўтирганини кўрдим. Мен одамларнинг бир қўйнинг гўштини бир ўтиришда паққос туширганини ҳам кўрдим. Шу одамларнинг 30 минг сўмга китоб сотиб олишга қодир эмаслигини кўриб анор доналари каби эзилдим. Китоб сотиб олишга қодир бўлмаганларнинг ёзувларида 100 лаб хатоларни кўриб пора-пора бўлдим.

Айтсам тилим, айтмасам дилим.... кўп нарсани кўрдим... куйдим.... Мени бир изтироб қийнайди. Одамлар китоб ўқимаса, қандай қилиб юрар йўлини топа оларкин??!! Одамлар китоб ўқимаса, қандай қилиб ўнгу сўлини топа оларкин??!! Одамлар китоб ўқимаса, қандай қилиб ёза оларкин??!! Ҳаммасини бир сўзда ифода қила қоламан!!!!!!!! Одамлар китоб ўқимаса, қандай қилиб ўзини-ўзи топа оларкин?!! Э воҳ, мен ҳар куни ўзини ўзи йўқотиб қўяётган одамларни кўраяпман!!! Мен ҳар куни нафақат ўзини, балки айтар сўзини ҳам йўқотиб қўяётган одамларни кўраяпман!!! Ўзини йўқотган одамларни эл қаердан ҳам топсин?!!! Китоб дўконларига қайтинг одамлар!!! Акс ҳолда сизни хорлик кутаяпти, қашшоқлик кутаяпти!!!!

Райҳон РАҲИМОВА

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Анор доналари каби эзилдим... (Мутлақо шахсий қараш)