18:07 / 16.10.2021
1 831

Мирзиёев: «Тошкент вилояти учун малакали педагог кадрларни тайёрлаш квоталари икки баробарга оширилади»

Мирзиёев: «Тошкент вилояти учун малакали педагог кадрларни тайёрлаш квоталари икки баробарга оширилади»
Фото: Мадина Нурман
2021 йилда Тошкент вилоятидаги мактаб битирувчиларнинг бор-йўғи 16 фоизи олийгоҳларга қабул қилинган. Бу ҳақда ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятидаги сайловчилар билан учрашувда маълум қилди, деб хабар беради «Дарё».

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Тошкент вилоятида олий маълумот ва тоифага эга бўлмаган ўқитувчилар улуши 54 фоизни ташкил этади. Бу республикада энг паст кўрсаткичлардан бири.

Таъкидланишича, Чирчиқ, Нурафшон, Олмалиқ, Янгийўл шаҳарлари, Бекобод, Тошкент ва Янгийўл туманларидаги 70 фоиз мактаблар икки сменада, айрим мактаблар ҳатто уч сменада ишламоқда.

«Энди, Тошкент вилоятини мактаб таълими ислоҳотларининг намунасига айлантириш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади. Авваламбор, Янги Ўзбекистон устозлари дастури амалга оширилиб, таълим сифати паст 60 та мактабга бошқа ҳудудлардан камида 150 нафар малакали ўқитувчи жалб қилинади. Уларга махсус устама тўланади, 15 миллион сўм бир марталик тўлов берилади, яшаш жойининг ижара пули қопланади. Кейинги уч йилда 25 минг нафар ёки 70 фоиз ўқитувчиларнинг малакаси оширилиб, халқаро ва миллий сертификат олиши таъминланади. Ушбу ишларга хусусий таълим ташкилотларини ҳам фаол жалб қилинади», — дейди давлат раҳбари.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти учун малакали педагог кадрларни тайёрлаш квоталарини икки баробарга ошириш таклифини берган.

«Келгуси беш йилда бюджетдан 20 та янги мактаб қурилади, 260 таси реконструкция қилинади ва капитал таъмирланади. Бундан ташқари, Тошкент вилоятидан бошлаб мактабларни қуриш ва фойдаланишнинг янги тизими йўлга қўйилади. Жумладан, Қибрай, Ўрта Чирчиқ, Зангиота ва Тошкент туманларида хусусий капитални жалб қилган ҳолда 12 та замонавий типдаги мактаблар қурилиб, фойдаланишга топширилади. Ушбу мактаблар учун тўловлар лизинг асосида бюджет ҳисобидан 25 йил давомида амалга оширилади», — дея қайд этади Шавкат Мирзиёев.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мирзиёев: «Тошкент вилояти учун малакали педагог кадрларни тайёрлаш квоталари икки баробарга оширилади»