2 048
«Ўлим жазосини киритган билан коррупция ўзидан-ўзи йўқолиб кетмайди» — Русланбек Давлетов
Адлия вазири Русланбек Давлетов 12 ноябрь куни Telegram орқали бўлиб ўтган audio podcast вақтида коррупцияга қарши курашиш борасида айнан қандай чора-тадбирларни кўриш кераклиги ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. «Gazeta.uz» вазирнинг эътиборга молик фикрларини бир жойга жамлаб, тақдим этди.
Унинг фикрича, коррупция — Ўзбекистон ривожига тўғаноқ бўлаётган энг катта хавфлардан биттаси. Коррупцияни кескин камайтиришнинг биргина чораси эса — бу комплекс ёндашувдир. Русланбек Давлетов бирёқлама ёндашув, жумладан, фақат жазони оғирлаштириш — ўлим жазосини жорий қилиш ёки фақат диний таълимни кучайтириш билан иш битмайди, деган фикрда. Муаммони ҳал этиш йўлида «агрессив кадр сиёсат»ини юритиш ҳамда мамлакат ривожига миллий маданиятдаги қайсидир жиҳат тўсқинлик қилса, ундан воз кечиш керак.
«Ўлим жазосини киритган билан коррупция ўзидан-ўзи йўқолиб кетмайди»
Бир ғояни киритиб туриб, коррупцияни шу билан енгамиз дегани — бу янглиш фикр. Масалан, кўплар тўғридан-тўғри ўлим жазосини киритиш керак, дейди. Биринчидан, ўлим жазосини киритган билан коррупция ўзидан-ўзи йўқолиб кетмайди.
Transparency international ташкилотининг коррупция бўйича рейтингида ҳам энг юқори натижага эришган давлатларнинг биронтасида ўлим жазоси йўқ.
Ҳамма коррупцияни енгиш бўйича энг муваффақиятга эришган давлат деб Сингапурни мисол қилиб келтиради. Сингапурда коррупция учун 5 йилгача жазо бор. Энг оғирлаштирувчи ҳолатларда максимум 7 йилгача чиқиши мумкин. Бизда лекин (Жиноят кодексида -таҳр.) 210-модда пора олиш бўйича 3-қисмларида 15 йилгача жазо бор. 15 йил камми жазо учун?
Гап жазонинг катта-кичиклигида эмас, жазонинг муқаррарлигида. Катта балиқлар, кичик балиқлар деб яхши ном беришган, бу ерда жазо муқаррарлиги энг катта омиллардан биттаси.
Иккинчидан, яна бир янглиш фикр, ойликларни ошириш керак дейишади. Давлат хизматидаги ходимлар ойлигини кўтарганингиз билан ноҳалол ходим сиз олдин бераётган ойлигингиздан кўпроқ ойликни оладида, шу ишини давом эттираверади. Яъни бу ерда ойлик ошириш билан параллел равишда бу соҳадаги бизнес жараёнларини таҳлил қилиш керак.
«Агрессив кадр сиёсати»
Аввало коррупцияга нима олиб келяпти, деган саволга жавоб топиш керак. Мана биз нотариат соҳасида қандай қилсак бўлади, деб роса ўйлаганмиз. Шунақа (коррупцияга) ботиб кетган, ҳамма норози деганда биз янги 70 та механизм киритганмиз. Ҳисоб бериш тизимидан тортиб, текширувчилар ким, қандай, нимани текширяпти, нимага талаблар қўйилган, уларни йўқотиш, уларнинг (нотариусларнинг) ўзларига имкониятлар яратиш, ишлаш шароитини яхшилаш билан бирга сўровни қаттиқ қўйишни бошлаганмиз.
Агрессив кадр сиёсатини юритиш керак. Агрессив кадр сиёсати дегани, бу — бошини олиб ташлаш дегани.
ФҲДЁ ҳокимият тизимидан Давлат хизматлари агентлигига ўтгандан кейин аттестация ўтказдик. Кечирасизку, катта-катта ҳудудларда 50 фоиз ходимлар аттестациядан ўтмади. Масалан, халққа хизмат қилаётган бўғин бирдан яримга камайиб қолса, у ерда муаммо бўлади-ку, узилишлар келиб чиқади-ку деганда ҳам биз шунга чидадик. Қийин бўлса ҳам шуни қиламиз, дедик.
Бундай компетенсияга, билимга эга бўлмаган ходимлардан воз кечиш жуда тўғри нарса. Чунки улардан сизга кўпроқ зарар келади. Халқни хафа қилади, менсимайди, гаплашмайди, ёнига чиқиб масаласини ҳал қилмайди, қабул қилмайди. Бундан ходимларни ушлаб ўтириш нимага керак? Ундан кўра, вакант тургани яхши. Агрессив кадр сиёсати дегани мана шу бўлади.
Нотариатда ҳам, Давлат хизматлари тизимида ҳам худди шу ишни қилдик. Икки йил олдин Тошкент шаҳар давлат хизматлари тизимида ҳам биз 45 фоиз аттестациядан (ўтмаган) ходимларни ҳайдадик. Шунда ҳам биз ҳаммасини идеал деяётганимиз йўқ. Бу жараён давом этади. Агрессив кадр сиёсатимиз орқали бу соҳани тозалаймиз.
«Диний таълим»
Кўплар айтади (коррупцияга қарши курашишда) диний таълим керак, дейди. Диний таълим берсак, одамларни ҳаром-ҳалолга ўргацак, бу фойда бўлади, дейди. Бу масалада ҳам чекловлар бор. Диний таълим бераётган давлатлар жуда кўп. Туғилганидан диний таълим беради, ҳалол-ҳаромни ҳам ислом дини бўйича ўргатади. Лекин қани натижаси?
Диний таълимга чуқур берилиб, ҳамма нарсасини бошидан таълим соҳасига ҳам киритиб, бир натижага эришган давлат, жамиятни билмайман. Коррупция билан боғлиқ таҳлилларимизда биз буни кўрмаганмиз. Яъни бу комплекс бўлиши керак.
Коррупцияга қарши курашишда диний уламоларни ҳам жалб қилиб, гапларини ижтимоий реклама қилиб, телевиденияларга ҳам тарқаттирганмиз. Бу маълум бир нуқтаи назардан, маълум бир вақтда, маълум бир аудиторига таъсир қилади. Лекин бу масалани 100 фоиз ҳал қилмайди. Шунинг учун қандайдир бир компонентни, йўналишни олиб, мана шу нарса коррупцияни енгишга кафолат бўлади, дейиш нотўғри.
«Маданият коррупцияга таъсир қилади»
Ўзбекистондаги жамиятда — бир-биримизга яқинлигимиз, қариндош-уруғчилик, маҳаллийчилик — бор нарса. Буни ҳеч ким инкор қила олмайди. Уруғ-аймоқчилик, буни tribalism дейди. «Трайбализм» жуда катта таъсир қилади. Олдин ҳам айтган эдим, агар бизни ривожланишимизга таъсир қиладиган маданий қандайдир ҳислатларимиз бўлса, бундан воз кечиш керак.
Тўйлар бўйича жуда кўп гапирамиз-ку, қаердан келган бунақа дабдаба, хислатлар? Бу ҳақда ҳам жамоатчилик гапиряпти-ку.
Олдин «колхоз» раисини чақирмагунча тўйга рухсат берилмаган. Ҳозир ҳам «ҳокимиятдагиларни чақириш керак, ‘коллектив’имни, раҳбарларимни чақиришим керак», дейди. Бунинг ҳаммаси — шахсий муносабатлар.
Мана Хитой яқинда судьялар, прокурорлар, адвокатлар орасида умуман шахсий муносабат бўлиши мумкин эмас деган қонун қабул қилди. Яъни улар суд залида, ишда муносабатга киришиши керак. Ишдан ташқари шахсий муносабат мумкин эмас, тўлиқ тақиқланди. Нимага? Чунки бу нарса ҳаммаёқда бор.
Биз гаплашганимизда айтишган, Жанубий Кореянинг маданияти ҳам худди шунақа. Бир-бирига яқинлик, бир-бирига ёрдам бермаса бўлмайди, катта қариндоши ривожланса «сен нимага ёрдам бермайсан, Худо сенинг ризқингни берган, шунинг ҳисобига сен бизга ҳам ёрдам беришинг керак», деган нарсалар, бунинг ҳаммаси — маданият. Кечирасизку, мана шу нарсалар таъсир қилади. Бу ўз-ўзидан йўқолиб кетмайди.
Совғаси ҳам, хизмат сафарига боргандаги чой бериши ҳам шунга олиб келади. Хизматдан ташқарида биронта қадам босдими, битта музқаймоқ олиб бердими — бу мен айтаётган муомалани келтириб чиқади.
Бу ерда масъулият нимадан иборат бўлиш керак? Қадриятларда, албатта, ҳукумат кўпроқ ўйлаб, жамиятни бунга сафарбар қилиб, барибир асосий институционал ёндошиб, мана шу масалани комплекс ҳал қилиши керак.
Ўзбекистондаги коррупцияга қарши курашишда жуда мураккаб феномен сифатида қараб, катта-катта тадқиқот институтлари ишлаши керак. Социалогик марказлар ишлаши керак, инсонларни хатти-ҳаракатини таҳлил қилиш лозим. Ҳаммаси илмий асосланган бўлиши керак. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди