16:50 / 13.02.2022
819

Чироқчи ҳокими тумандаги ЙТҲларни таҳлил қилиб чиққанини айтди

Чироқчи ҳокими тумандаги ЙТҲларни таҳлил қилиб чиққанини айтди
Хуррам Жўраев.
Фото: Чироқчи тумани ҳокимлиги

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 февралда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ўта муҳим ва кечиктириб бўлмас масала сифатида ўртага ташланиб, ўтган йили мамлакатда содир этилган ЙТҲларда 9 мингдан ортиқ фуқаро жароҳатлангани, 2,5 мингга яқин одам, шу жумладан, 263 нафар бола ҳалок бўлгани катта фожиа экани таъкидланди.

Мазкур ҳолатни танқид қилган президент Чироқчида 43 та, Наманган шаҳрида 42 та, Янгийўл туманида 34 та, Ургутда 28 та, Андижон туманида 20 та аварияда одамлар ҳаётдан бевақт кўз юмганини гапириб, ушбу туман ва шаҳар ҳокимлари, ички ишлар бошлиқлари ва прокурорлари ишдан олиниб, уч ой синов муддати берилганини таъкидлади.

«Дарё» мухбири Чироқчи тумани ҳокими Хуррам Жўраев билан суҳбатлашиб, президент танқидидан қандай хулоса чиқаргани билан қизиқди.

«Президентимиз бу борада ҳақ ва айни ҳақиқатни гапирди. Биз раҳбарларнинг айбимиз бор. Танқиддан тўғри хулоса қилиб, камчиликларимизни бартараф этамиз», — дейди Чироқчи тумани ҳокими Хуррам Жўраев.

Хуррам Жўраев туманда содир бўлган ЙТҲларни таҳлил қилиб чиққанида, ЙТҲларнинг 85 фоизи чекка вилоят ҳайдовчилари иштирокида содир бўлаётганини маълум қилмоқда.

«Чироқчи ҳудуди жуда катта. Туманда давлат аҳамиятига эга 106 километр йўл бўлса, республика аҳамиятига эга 200 километр йўл бор. Шу боис туманимиздаги йўллардан жуда кўплаб транспорт воситалари қатнайди. Айниқса, Умакай постидан Сурхондарёга ўтиб кетишда Еттитом ҳудудидан ўтган йўлларда одам ўлими билан боғлиқ кўплаб ЙТҲлар содир этилмоқда. Тошкентдан қайтаётган сурхондарёлик ҳайдовчи Қашқадарёга кириб келганда жудаям кеч бўлиб кетаётганиданми, рулда ухлаб қоляпти. Оқибатда айнан Чироқчи тумани ҳудудидаги йўлларда ЙТҲлар содир этилиб, туманда ЙТҲлар сонининг ортиши ва уларнинг оқибатида вафот этганлар сонининг кўпайишига олиб келмоқда», — дейди Хуррам Жўраев.

Хуррам Жўраев президент танқидидан сўнг тумандаги ЙПХ ходимлари фаолиятини ҳам таҳлил қилганини айтмоқда.

«Туманимиз катта бўлишига қарамасдан, ЙПХ бўлими бошлиғи, ўринбосари ва ходимлари билан биргаликда атиги 13 нафар ходим ишлайди. Шу ишчиларнинг 10 нафари айнан Чироқчи туманидан. Шу сабаб вилоят ҳокимига таклиф киритиб, Чироқчида ишлаши кўзда тутилган 13 нафар ЙПХ ходимининг барчасини бошқа туманлардан олиб келишни таклиф қилдим. Аслида, чироқчилик бўлган ходим энг зарур пайтда уйига кетиб қолиши мумкин. Биз буни билмаймиз ҳам. Шунинг учун бошқа туманлардан келиб ишласа, айнан шу ерлик ходимга нисбатан кўпроқ ва яхшироқ ишлаган бўларди, дедим. Таклифим вилоят ҳокимига маъқул келди. Энди шу усулни ҳам қўллаб кўрмоқчимиз», — деди Хуррам Жўраев.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайлови аввалида 2021 йилнинг 11 октябрь куни қашқадарёлик сайловчилар билан учрашганди. Учрашувда президентликка номзод сифатида сайловчилар билан кўришган Шавкат Мирзиёев Чироқчи ҳудуди катталиги, вилоятнинг қарийб ярим миллион аҳолиси шу ҳудудда яшашини, туман марказига етиб олиш 2–3 соат вақт талаб этишини инобатга олган ҳолда туман негизида Чироқчи ва Кўкдала туманларини ташкил этиш таклифини билдирганди. Шунингдек, Халқ депутатлари Чироқчи туман Кенгашининг 2021 йил 18 ноябрдаги қарорига кўра, Чироқчи туманидаги 32 та маҳалла янги ташкил этиладиган Кўкдала туманига ўтказилиши маълум қилинганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Чироқчи ҳокими тумандаги ЙТҲларни таҳлил қилиб чиққанини айтди