Фото: «Дарё»
Ижтимоий тармоқларда Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бирлаштирилиши ҳақидаги тасдиқланмаган хабар ортидан муҳокамалар давом этмоқда. Аммо икки вазирлик бирор ахборот беришга шошилмаяпти.
«Gazeta.uz» журналисти Шуҳрат Латипов 19 апрель куни ўз манбаларига таяниб, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ягона органга бирлаштирилиши, янги вазирликка Сардор Умурзоқов раҳбар бўлиши кутилаётгани ҳақида хабар тарқатди. Унинг ёзишича, ҳозирда бирлашиш тўғрисидаги тегишли ҳужжат Президент администрацияси томонидан ишлаб чиқилмоқда.
«Ҳозирча бу маълумотнинг расмий тасдиғи йўқ. Сўровимга жавобан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигидагилар бу маълумотни на тасдиқловчи, на рад этувчи факт йўқлиги учун изоҳ бера олмаслигини айтди. Ташқи ишлар вазирлиги ҳам сўровга жавоб бермади», – деб ёзган журналист.
«Дарё» мазкур хабар юзасидан икки вазирлик ахборот хизматлари билан боғланди. Аммо юқоридаги жавоблар олинди.
Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизматидан маълум қилинишича, вазир Абдулазиз Комилов қаерда экани ва вазирлик келажаги нима бўлиши ҳақидаги саволлар жуда кўп берилмоқда.
«Ҳаммада шу савол. Бизда бирор маълумот бўлганда ўзимизнинг каналга ҳам жойламоқчи эдик. Лекин бу ҳақда маълумотлар йўқ», — деди ахборот хизмати вакили.
Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизматидан ҳам шу мазмундаги жавоб олинди.
«Ҳозирча бизда бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ. Янгилик бўлиб қолса, хабар берамиз», — деди вазирлик вакили.
Бу каби муҳим масалада ҳукумат сукут сақлаётгани сабабли жамоатчилик турли фикрларни билдира бошлаган. Жумладан, Telegram’даги «Davletov.uz» канали муаллифи вазирликларни қўшиб юбориш бўйича «эксперимент»ларни Ташқи ишлар вазирлигига нисбатан қўлламаган маъқуллигини ёзган.
Тўғри, Ўзбекистонда вазирлик тузиш, уларни бир-бирига қўшиш ва ажратишдан осон иш йўқ бўлиб қолди. Бунга 2016 йилдан бери бир неча марта ўзгарган вазирлик ва идоралар, янги ташкил этилиб, тугатиб юборилган агентликлар яққол мисол бўлади.
Лекин назаримизда, Ўзбекистоннинг минтақадаги сиёсий ўрни ва қайсидир маънода мамлакатни ҳимоя қилиб келаётган Ташқи сиёсий фаолият концепцияси принципларидан келиб чиққан ҳолда юқоридаги «эксперимент»ларни Ташқи ишлар вазирлигига нисбатан қўлламаган маъқул. Чунки ҳозирги шароитда ворисийликни таъминлаш, мавжуд ва қимматли контактларни сақлаб қолиш жуда муҳим. Афғонистондаги беқарорлик, Покистондаги сиёсий кучларнинг ўзгариши, Украина уруши ташқи сиёсатда янада эътиборли бўлишни талаб қилади.
Дипломатия сокинликни хуш кўради. Иқтисодий дипломатиянинг ҳозирги ритмини сақлаган ҳолда пухта-пишиқ, оқибатларини инобатга олган ҳолда қарор қилиш керак бўлади. Кейин яна бир нарса борки, дунё тажрибасида Ташқи ишлар вазирлиги қанча ўзгартирилмасин, яна кўп ўтмай эски мақомига қайтиб келаверган. Бизда ҳам худди шундай бўлиши аниқ. Ва охиргиси, ташқи сиёсат маҳкамасидаги ўзгаришлар сенатдаги баёнот натижаси сифатида тарихда қолмаслиги керак, ҳеч қурса.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 17 март куни Сенатдаги чиқишида Украина ва Россия ўртасидаги можаро юзасидан Ўзбекистон позицияси ҳақида гапирганди. Ўшанда вазир Украина атрофидаги вазият Ўзбекистонда жиддий хавотир уйғотаётгани, масала тинч йўл билан ҳал қилиниши кераклигини айтганди.
«Биринчи навбатда ҳарбий ҳаракатлар, зўравонликлар зудлик билан тўхтатилиши зарур. Ўзбекистон Украина мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Луганск ва Донецк мустақиллигини тан олмадик», – деган эди Абдулазиз Комилов.
18 март куни Абдулазиз Комилов Корея ва Доминикана Республикалари элчиларини қабул қилганди. Шундан сўнг вазир жамоатчиликка кўриниш бермай келмоқда. Сенат ҳам ўша воқеадан сўнг мажлисларни жонли эфирга узатишни тўхтатиб қўйгани айтилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда вазир ва вазирлик келажаги ҳақида муҳокамалар, турли тасдиқланмаган хабарлар янграй бошлаган.
29 март куни Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Абдулазиз Комилов даволаниш учун хорижга жўнаб кетганини маълум қилди. Хабарда вазир бунгача 10 кун давомида Тиббиёт бош бошқармасининг 1-сон Марказий клиник шифохонасида тиббий муолажалар олгани айтилган.
Ўтган вақт давомида икки вазирлик бирлашувидан тузилган янги орган раҳбарлигига номзоди келтирилаётган Бош вазир ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ташқи ишлар вазирликлари доирасидаги халқаро учрашувларда Ўзбекистон номидан қатнашиб келмоқда. Жумладан, 30—31 март кунлари Хитойда бўлиб ўтган Афғонистонга қўшни мамлакатлар вазирларининг учрашувида Ўзбекистон ҳукумати номидан Сардор Умрзоқов қатнашган. Шунингдек, 15 апрель куни бўлиб ўтган «Марказий Осиё + Япония» мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг 8-йиғилишида ҳам бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири иштирок этган.
Маълумот учун, Абдулазиз Комилов 2012 йилдан бери Ўзбекистон ташки ишлар вазири сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Сардор Умурзоқов эса бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари (2020 йилдан бери), инвестициялар ва ташқи савдо вазири (2019 йилдан бери) лавозимларида ишлаб келмоқда.
Абдулазиз Комилов, Ташқи ишлар вазири, Сардор Умурзоқов “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Родри "Олтин тўп" учун сўровномада кимга овоз бергани маълум бўлди