12:30 / 25.07.2022
3 349

Юлдуз Усмонова, Муниса Ризаева ва бошқа аёл санъаткорларнинг Instagram'даги саҳифасига реклама бериш нархи қанча?

Юлдуз Усмонова, Муниса Ризаева ва бошқа аёл санъаткорларнинг Instagram'даги саҳифасига реклама бериш нархи қанча?
Ўзбек шоу-бизнесида ўз ўрнига эга бўлган аёл санъаткорлар нафақат реал ҳаётда, балки онлайн ҳаётда ҳам реклама, видеороликлар орқали катта даромад топади. Санъаткорлар ҳозирда реклама бериш учун энг қулай ижтимоий тармоққа айланган Instagram’да анча фаол. Уларнинг саҳифасига реклама жойлаш нархи кўпчилик мухлисларни ҳайрон қолдириши табиий. «Дарё» машҳур аёл санъаткорларнинг Instagram саҳифасида реклама постини жойлаштириш нархини ўрганди.

Шаҳзода Муҳаммедова
Актриса, дизайнер ва телебошловчи Шаҳзода Муҳаммедованинг Instagram саҳифасидаги stories’га реклама жойлаш нархи 1000 доллар, аккаунтига реклама жойлаштириш эса 2000 долларни ташкил қилади. Рекламани суратга олиш жараёнида актрисанинг ўзи ижодий жамоаси билан бирга иштирок этади. Шаҳзода Муҳаммедова бир ойда саҳифасига 5-6 та реклама жойлаштиради. Актрисанинг Instagram саҳифасида 4 миллион 800 мингдан ортиқ обуначи бор.

Фото: Instagram /@shaxzoda_muxammedova

Рухшона
Хонанда Рухшона Instagram’даги stories’га 200 доллар, аккаунтига эса 500 доллар эвазига реклама жойлаштиради. Реклама видеоролигида хонанданинг ўзи иштирок этади. Маълумот учун, Рухшонанинг Instagram саҳифасида 1 миллион 800 мингга яқин обуначи бор.

Фото: Instagram /@ruxshonaofficial

Нилуфар Усмонова
Instagram саҳифасида 3 миллион 400 мингдан ортиқ обуначиси бор хонанда Нилуфар Усмонова stories’га 500 доллар, аккаунтига 5000 доллар эвазига ўзи иштирокидаги рекламани жойлаштиради. Stories’даги фото ва видеолар 24 соат саҳифадан ўчирилмайди.

Фото: Instagram /@nilufarusmonova

Муниса Ризаева
Ўзбек шоу-бизнесидаги аёл санъаткорлар ичида Instagram’да энг кўп, яъни 5 миллион 600 мингдан ортиқ кузатувчига эга хонанда Муниса Ризаева stories’га 1000 доллар, суратли постни эса 2500 доллар эвазига жойлаштиради. Stories’даги реклама 1 кун саҳифада сақланиб туради.

Фото: Instagram /@munisarizaeva

Феруза Норматова
Инстаблогер, актриса Феруза Норматова stories’га 300 доллар, аккаунтига 2000 доллар эвазига ўзи иштирокидаги реклама постини эълон қилади. Stories’даги ҳар бир видеонинг давомийлиги 15 сонияни ташкил қилади. Актрисанинг Instagram’даги обуначилари 1 миллиондан ортиқ.

Фото: Instagram /@feruzanormatova

Ханна
Instagram’да Ханна номи остида ижод қилаётган актриса, блогер Хонзода stories’га ва аккаунтига 1000 доллар эвазига реклама пости жойлайди ва унда ўзи иштирок этади. Реклама пости 24 соат саҳифада сақланиб туради. Унинг Instagram саҳифасини 1 миллион 600 мингдан ортиқ обуначи кузатади.

Фото: Instagram /@xanna__official

Севара Солиева
Собиқ актриса Севара Солиева Instagram’даги stories’га 200 доллар, аккаунтидаги лентага эса 500 доллар эвазига реклама постини эълон қилади. У реклама ролигида иштирок этади. Саҳифасида 1 миллион 800 мингдан ортиқ обуначиси бўлган Севара Солиеванинг реклама жойлаштириш нархи бошқа ҳамкасбларига қараганда арзонроқ.

Фото: Instagram /@sevarasolieva_official

Малика Равшанова
Instagram саҳифасида 1 миллиондан ортиқ обуначиси бор хонанда Малика Равшанова stories’га 500 доллар, аккаунтига 1500 доллар эвазига реклама постини жойлаштиради. Реклама ролигида хонанданинг ўзи иштирок этмаса ҳам, нарх ўзгармайди. Stories’даги фото ёки видеолар 24 соат саҳифадан ўчирилмайди.

Фото: Instagram /@malika_ravshanova

Юлдуз Усмонова
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Instagram’даги реклама учун энг кўп ҳақ тўланадиган аёл санъаткорлар рўйхатида етакчи ўринда туради. Саҳифасида 1 миллион 400 мингдан ортиқ обуначи бор хонанданинг аккаунтига ва stories’га реклама бериш учун 10 000 доллар тўлаш керак. Stories’даги фото ва видеолар 24 соат давомида сақланиб туради.

Фото: Instagram /@yulduzibragimovnausmonova

Ситора Фармонова
Актриса Ситора Фармонованинг Instagram саҳифасида 2 миллион 800 мингдан ортиқ обуначи бор. У stories’ни 750 доллар, суратли постни 1000 доллар, видео шаклидаги постни эса 2000 доллар эвазига саҳифасига жойлайди. Рекламада Ситора Фармонова иштирок этса ҳам, этмаса ҳам, нарх ўзгармайди.

Фото: Instagram /@sitorafarmonovaofficial

Мадина Мумтоз
Собиқ актриса Мадина Мумтоз саҳифасида 350 доллар эвазига stories ва 750 доллар эвазига реклама постини эълон қилади. Реклама видеоролигида актрисанинг ўзи ва ижодий жамоаси иштирок этади. Stories ва пост 24 соат саҳифадан ўчирилмайди.

Фото: Instagram /@madinamumtoz

Дурдона Қурбонова
Instagram’да энг кўп, яъни 3 миллион 700 минг обуначига эга бўлган ёш актриса Дурдона Қурбонова 1500 доллар эвазига реклама пости ва stories жойлаштиради. Stories’даги фото ва видеолар 24 соат давомида актрисанинг саҳифасида сақланиб туради. У кўп ҳолларда реклама видеоролигида ўзи иштирок этади.

Фото: Instagram /@durdona_kurbonova

Паризода
Раққоса Паризода Instagram’да 3 миллион 300 минг обуначига эга. Унинг stories’га реклама қўйиши 500 доллар, лентага суратли реклама бериши 1000 доллар ва видео шаклидаги реклама жойлаши 2000 долларни ташкил қилади. У ҳам бошқа ҳамкасблари сингари реклама видеоролигида ўзи иштирок этади.

Фото: Instagram /@parizodadancer

Манзура
Хонанда Манзура 2 миллион 500 мингдан ортиқ обуначиси бор аккаунтига реклама пости ва stories’ни 800 доллар эвазига эълон қилади. Унинг саҳифасидаги реклама пости ва stories ҳам 1 кун давомида ўчирилмайди. Агар хонанда рекламада иштирок этмаса, унинг нархи ўзгариши мумкин.

Фото: Instagram /@manzura_singer

Зиёда
Instagram саҳифасида 4 миллионга яқин кузатувчилари бор Зиёда stories’га 500 доллар, лентадаги постни эса 1500 доллар эвазига эълон қилади. Реклама видеосида Зиёда иштирок этиши ёки этмаслигидан қатъи назар нарх ўзгармайди. Унинг саҳифасидаги рекламалар ҳам 1 кун сақланиб туради.

Фото: Instagram /@ziyodamusic

Шаҳло Зоирова
«Браво» кулги жамоасининг аъзоси Шаҳло Зоирова Instagram’даги stories’ларни 300-500 доллар, Реклама постларини эса 2000 доллар эвазига жойлайди. Бошқа ҳамкасблариники каби унинг Instagram саҳифасига берилган реклама 1 кун ўчирилмайди. Реклама роликларида кўпинча унинг ўзи иштирок этади.

Фото: Instagram /@shaxlozoirova_official

Мавлуда Асалхўжаева
Мавлуда Асалхўжаеванинг Instagram саҳифасига реклама ва stories жойлаш нархи 1500 долларни ташкил қилади. Унинг саҳифасидаги рекламалар 10 кун давомида сақланиб туради. Видеода хонанда иштирок этиши ёки қатнашмаслигидан қатъи назар реклама нархи ўзгармайди.

Фото: Instagram /@mavludauz

Каниза
Хонанда Канизанинг Instagram саҳифасида 1 миллион 200 минг кузатувчиси бор. Унинг stories’га реклама жойлаши учун 300 доллар, лентасига реклама бериш учун эса 1000 доллар тўлов қилиш керак. Агар рекламада Каниза иштирок этмаса, нарх ўзгариши мумкин.

Фото: Instagram /@kaniza_shahrizoda

Муқаддас Саъдуллаева
Актриса Муқаддас Саъдуллаеванинг 3 миллион 500 минг кузатувчиси бор саҳифасига реклама stories’ни қўйиш 1000 доллар, реклама постини жойлаштириш учун эса 2000 доллар тўлов қилиш керак. Актриса рекламаларда ўзи иштирок этади. Stories’даги реклама 1 кун сақланиб туради.

Фото: Instagram /@muqaddas_sadullayeva

Лола Аҳмедова
Лола Аҳмедованинг Instagram саҳифасидаги stories’га реклама қўйиш ва лентада пост жойлаштириши 800 долларни ташкил қилади. У рекламаларда ўзи иштирок этади, қатнашмаса ҳам, нарх ўзгаришсиз қолади. Хонанданинг саҳифасида 1 миллион 500 мингдан ортиқ обуначиси бор.

Фото: Instagram /@lolaahmedova

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Юлдуз Усмонова, Муниса Ризаева ва бошқа аёл санъаткорларнинг Instagram'даги саҳифасига реклама бериш нархи қанча?