00:17 / 11.03.2023
751

Юлдуз Усмоновани концерт давомида қийнаган изтироб, 17 сеанслик мега-дастур ва «Охират ёр-ёр»и ҳақида

Юлдуз Усмоновани концерт давомида қийнаган изтироб, 17 сеанслик мега-дастур ва «Охират ёр-ёр»и ҳақида

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Юлдуз Усмонова 16–28 февраль кунлари “Халқлар дўстлиги” санъат саройида ўзининг янги концерт дастурини тақдим этди. Ўн уч кун давомидаги 17 сеансли концерт дастурида “Дарё” мухбири Феруз Муҳаммад Юлдуз Усмонова билан суҳбатлашди.

Суҳбат давомида Хонанда ўзини қийнаётган изтироб, бир кунда икки сеанс концерт беришнинг қийинчиликлари, концерт кунини “отмен” қилиш учун банд қилаётган масъулиятсиз ҳамкасблари ҳақида гапирди.

“Куннинг биринчи ярми йиғи билан ўтади, кейин ўзимни йиғиштириб концертга келаман”

Ҳар куни Туркиядаги воқеаларни кузатаман. Эрталаб йиғи билан ўтади, кейин ўзимни йиғиштириб концертга келаман. Дард билан уйғониб, дард билан ётяпман. Аллоҳим дунё тинч бўлсин, оиламиз тинч бўлсин, дер экан. Яхшиям концертга тайёргарликни олдиндан қилиб келяпмиз. Бўлмаса ҳозир концерт беролмай қолган бўлардим. Энди фақат дуо қилиш келади.

Шунингдек, Юлдуз Усмонова ушбу концерт дастури орқали томошабинларга нима етказмоқчи бўлгани ҳақидаги саволга жавоб берди.

“Олдингидек ҳамма қўшиқларим тарихда қолсин, демайман”

Биласизми, ҳозир битта сўз кўп, яримтаси оз бўлиб қолди. Иккита демаяпман. Одамларга бирор нарса дейиш, далил билан гапирсанг ҳам, гапингни ўтказиш қийин. Ҳозир ҳамма интернет олими бўлиб кетган. Шунинг учун ҳам концерт дастурим ҳаётга, гўзал яшашга ундов бўла туриб, орада мутлақо катта камчилигимиз, охиратни эслатиш учун “Охират ёр-ёри” деган қўшиғимизни айтиб ўтдик.

Фото: “Дарё” 

Бунда жуда катта маъно бор. Ҳаммамиз риёчи бўлиб кетдик. Юрагимиз қотиб, ёлғончи бўлиб кетяпмиз. Концертимда ҳам шуни айтиб ўтдим. Менимча асосий мавзу шу бўлиши керак. Шунинг учун ҳам бошқа мавзу қўшмадим. Одамлар кўтаролмай қолар эди. Мен олдингидек “ҳамма қўшиқларим тарихда қолсин”, демайман. Биттаси қолсин, лекин ибрат бўлсин. Мендан кейин бир из қолсин. Фойдам тегсин деган мақсад бўляпти.

Юлдуз Усмонова бир кунда икки сеанс концерт бериб, етти соатлаб куйлаётгани ҳақида гапириб берди.

“Концерт беришга кун бўлмагани учун, биз бир кунда иккита сеанс концерт беришга мажбур бўлдик”

Янги концерт дастуримиз 17 сеансдан иборат бўлди. “Яна концерт бераман десангиз”, концерт беришга кун йўқ. Концерт кунларини эгаллаб олишди ҳам. Билетлар сотилмагач, концертни бекор қилишади. Ёшларда қизиқ одат бор. Қизимга “ҳай-ҳай” демасам тўрт кун ёки беш кун концерт бераман”, деб кетаётганди.

Ҳазиллашяпсизларми, бир сеансда беш мингга яқин одам ўтиради, бу зални тўлдириш-чи. “Ярим зал тўлиб, саройнинг ижарасини тўласак бўлди, зато дружбада концерт бердик”, деган ном бўлади дейишади. Бунақа концерт беришнинг нима кераги бор. Энди уни гапирмайман. Хоҳлашса бўш залга, бир ойлаб концерт беришсин. Лекин концерт беришга кун бўлмагани учун, биз бир кунда иккита сеанс концерт беришга мажбур бўлдик. Бир кунда икки сеанс концерт берса одам чарчаб қолади.

Фото: “Дарё” 


Қанақасига осон бўлсин, қийналмайманми, жуда қийин бўляпти албатта. Кечаси билан уйқу йўқ. Оёқларим зирқираб оғрийди. Ўтган куни мен қолиб, хўжайинимнинг оёғи зирқираган эди, эрталаб соат тўртда хўжайинимни оёғини уқалаб ўтирганман. Етти соат концерт бўлади. Осон эмас, ҳаммани кетидан чопиб юриш керак. Аллоҳ куч-қувват берсин. Шунчалик ҳам нонини егандан кейин жон оғрийди.

Жонли концерт бераман, деган одам осонликча нон емайди. Айримлар “жонли концерт бераман” деб, фалшдан олиб, фалшга уради, жонли куйлаётганингда кимлигинг, қандай даражадаги қўшиқчилигинг билинади. Аллоҳ берган истеъдод бўлиши керак. Буни тирикчилик манбаи қилиб олмаслик керак. Тирикчилик қилгандан кейин, уни бемалол йўқотиб ва топиб олиш йўлини билиш керак. Қўрқоқлик билан иш битмайди. Санъатда барибир ҳақиқатни айтиш керак.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Юлдуз Усмоновани концерт давомида қийнаган изтироб, 17 сеанслик мега-дастур ва «Охират ёр-ёр»и ҳақида