Болгария Республикаси пойтахти София шаҳрида Болгария кино академияси ва интернет коммуникация агентлиги томонидан ўтказилган XI Халқаро “Славян эртаги” кинофестивалида Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбектелефильм” давлат муассасаси ҳам муносиб иштирок этди. Мазкур ташкилот томонидан суратга олинган “Дилозор” сериали режиссёрлари Отабек Ибрагимов ҳамда Азиз Мардонов фестивалда режиссёрлик иши бўйича Гран-прига лойиқ кўрилди.
Шунингдек, “Дилозор” сериали сценарий муаллифи Муқаддас Усмонова “Энг яхши сценарий иши” ҳамда сериал оператори Равшан Мирзакамолов “Энг яхши операторлик иши” номинациялари ғолиби бўлди.
Маълумот учун, “Дилозор” сериали “Йил фаоли-2022” кўрик-танловнинг “Йилнинг энг яхши сериали” деб топилганди. Сериал санъат ва мусиқа йўналишини танлаган ёш ижодкорлар ҳақида бўлиб, унинг асосий ғояси ўсиб келаётган баркамол авлоднинг мусиқага бўлган меҳрини ошириш, мақсад сари доим олға интилиш, мағлубиятдан қўрқмаслик, ёшлар қалбида ватанга бўлган муҳаббатни юксалтириш, юрт шаъни, миллат шарафи, ғурур ва ифтихор каби муқаддас туйғуларни шакллантиришдан иборат.
Сериалда машҳур актёр-актрисалардан Асал Шодиева, Дурдона Қурбонова, Феруза Юсупова, Шоҳрух Ҳамдамов ҳамда элимиз суйган халқ артистлари маҳорат билан рол ижро этган. Сериал саҳналарининг аксарияти Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида тасвирга туширилган.
Таъкидлаш жоиз, суратга олиш жараёнларида режиссёрлик ишларини амалга оширган Отабек Ибрагимов ЎзДЖТУ Ахборот хизмати раҳбари ҳисобланади.