Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниева 2024 йилни янги концерт дастури билан бошлади. Аммо “Бу сўнгги концертим бўлади” деган гапи мухлислар кўнглини бир оз хижил қилган бўлса-да, шоу чинакамига унутилмас бўлди. “Дарё” мухбирлари концертга ташриф буюриб, саҳна ва саҳна ортидаги қизиқарли воқеалар ҳақида репортаж тайёрлади.
Фото: “Дарё”
— Бу йил ижод бошлаганимга 25 йил тўлади. Шу муносабат билан юбилей шоу қилишни режа қилгандим. Янги қўшиқлар албатта бўлади, аммо бу ижодимдаги тарихий кеча бўлгани учун уни эски тароналарсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шоу бўлиши учун жуда узоқ вақт тайёргарлик кўрдик. Саҳнада ҳам, унинг ортида ҳам кўплаб одамлар меҳнат қилди. Бу йилги шоу орқали қалбим сирларини мухлисларимга очишни ният қилганман. Чунки улар шу кунгача мени қўллаб-қувватлашди, — дейди хонанда Райҳон.
Фото: “Дарё”
Концертда хонанда ижодидан ўрин олган 25 та қўшиқ янгради. “Азоблайсан”, “Севгилим” ва “Бахтли бўламан” каби эски ҳит қўшиқлар томошабинларга ёшлик йилларини эслатган бўлса не ажаб.
Фото: “Дарё”
Райҳоннинг ҳеч бир концерти шунчаки қўшиқ ва рақслардан иборат бўлмайди. Бу йилги дастур ҳам ҳақиқий шоу бўлди ва хонанда худди аввалги концерларидагидек юқоридан юлдуз каби саҳнага тушди.
Фото: “Дарё”
Концертда Ҳамдам Собиров билан куйланган “Қизил кўйлагим” дуэтининг янграши аниқ эди. Аммо хонанда концерт олдидан берган интервьюсида бошқа дуэтдошларини сир тутганди. Концерт куни иккита янги дуэт премьера қилинди. Унинг дуэтдошлари Шоҳруҳхон ва Жаҳонгир Позилжонов бўлди.
Фото: “Дарё”
— Райҳон масъулият билан ишлайдиган, чинакамига меҳнат қиладиган ижодкор. Унинг концертдан қанчалик қайғурганини ҳеч ким менчалик ҳис қилмайди. Чунки нонуштада ҳам, кечки овқатда ҳам фақат шу ҳақида гаплашдик. “Бўлди, яна шу мавзуми? Агар бунчалик ўзингни қийнайдиган бўлсанг, бошқа концерт берма. Болаларга қара”, деб койиб ҳам бердим. Бундан кейин концерт бериш ёки бермаслиги ҳақида бирор нарса деёлмайман. Буни вақт кўрсатади, — дейди хонанданинг турмуш ўртоғи Фарҳод Алимов.
Хонандани қўллаб-қувватлаш учун кўплаб шоу-бизнес вакиллари ташриф буюрди. Концертнинг илк кунида Зиёда, Шаҳло Зоирова, Дилдора Рустамова, Умидахон ва Ҳуснора Шодиевани учратдик.
Фото: “Дарё”
Қўнғироқ сочли Райҳон ёдингиздами? Хонанда сўнгги концертида худди шу имижда кўриниш берди. Бу томошабинларга илк бор катта саҳнага чиққан ёш Райҳонни эслатган бўлса не ажаб.