10:53 / 09.12.2024
213

Қарзинг бўлмасин!

Қарзинг бўлмасин!
Бору йўғингдан ҳеч арзинг бўлмасин,
Кўнглингни бутун тут, дарзинг бўлмасин.
Ёдингдан чиқмасин кўҳна бир ҳикмат
Дардинг бўлса бўлсин, қарзинг бўлмасин.

Сабр соясида қаноат қургин,
Ичингдан ўтганин билдирмай юргин.
Ёғмасанг ҳамки, дўст, гумбирлаб тургин
Дардинг бўлса бўлсин, қарзинг бўлмасин.

Кимдир нарвон қўймай истар юлдузлар,
Аллоҳ ҳоким вақтга сўрар фоизлар.
Асраган кўзингга солар оғизлар
Дардинг бўлса бўлсин, қарзинг бўлмасин.

Остонангни ўйиб, эшигинг бузар,
Таниш-ёт олдида машмаша тузар.
Дўсту ёр, қардош ҳам орани узар
Дардинг бўлса бўлсин, қарзинг бўлмасин.

Бедардга ҳол айтма, бўлса имконинг,
Номардга сир берма - ошмас фиғонинг.
Яримта нон билан роҳатда жонинг
Дардинг бўлса бўлсин, қарзинг бўлмасин.

Қарздор мисли печак илашган гулдир,
Ёки ороми йўқ занжирсиз қулдир.
Ҳаёт элаб берган бир маъни шулдир
Дардинг бўлса бўлсин, қарзинг бўлмасин...

© Бобур Бобомурод.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият