Голливуд юлдузи Анджелина Жоли ҳаётида катта ўзгаришлар арафасида турибди. Инсайдерлар маълумотига кўра, актриса Лос-Анжелесдаги тарихий уйини сотиш ва АҚШни тарк этишни режалаштирган. У ҳозирда янги яшаш жойини танлаш жараёнида, аммо бу албатта Америкадан ташқарида бўлади, деб ёзмоқда Peopletalk.
Анджелинанинг Лос-Анжелесда қолиши, асосан, Брэд Питт билан никоҳ давридаги болалар тарбияси бўйича келишув шартлари билан боғлиқ эди. 2016 йилдаги ажрашувдан кейин у болалар манфаати учун шу ерда қолган. Энди эса, энг кичиклари — эгизаклар Нокс ва Вивьен — 2026 йил июлида 18 ёшга тўлганидан сўнг, у шаҳар билан хайрлашишни режалаштирмоқда.
1913 йилда қурилган ва 2017 йилда сотиб олинган, илгари машҳур режиссёр Сесил Б. ДеМиллга тегишли бўлган вилла актриса ҳамда унинг олти фарзандига тинч, ёлғизликдаги ҳаёт ва хавфсиз муҳит яратди.
Жоли интервьюларида Лос-Анжелесдан кўчиш орзуси ҳақида бир неча бор айтган ва бу қарор унга шахсан катта хотиржамлик олиб келиши таъкидланмоқда.
Шу билан бирга, Брэд Питт билан ажрашганига қарамай, улар ўртасидаги низо ҳали ҳам тугамаган. Яқинда Питт Жолидан оилавий шароб ишлаб чиқариладиган корхона бўйича суд иши учун шахсий ёзишмаларини тақдим этишни талаб қилди.