
Кеча, 16 ноябрь куни Лос-Анжелесда машҳур Голливуд актёри ўз фаолияти давомида биринчи марта фахрий “Оскар” мукофотига сазовор бўлди, деб хабар берди “Variety”.
Маълум қилинишича, бу мукофот асосий “Оскар” маросимидан алоҳида ўтказиладиган “Governor Awards” тадбири доирасида топширилган. Қарийб 40 йиллик кинокарьераси мобайнида Круз тўрт марта “Оскар”га номзод бўлган — аммо ҳалигача ғолиблик унга насиб этмаган эди.
Круз ўз вақтида “Тўртинчи июлда туғилган” ва “Жерри Магуайр” филмлари учун “Энг яхши эркак роли”, “Магнолия” фильми учун “Энг яхши иккинчи пландаги эркак роли”, шунингдек, “Топ Ган: Маверик” картинаси учун продюсер сифатида номинацияга қўйилганда ҳам ғолиб бўлмаган.
Фахрий “Оскар” кино оламидаги энг нуфузли, тарихий аҳамиятга эга мукофотлардан бири ҳисобланади. Унга эга бўлганлар орасида Чарли Чаплин, Жуди Гарланд, Федерико Феллини, Фрэнсис Форд Коппола, Спайк Ли каби буюк шахслар бор. Энди ушбу рўйхатга Том Круз ҳам қўшилди. Голливуд мухлислари уни пандемиядан кейин кинопрокатни қайта жонлантиришдаги улкан ҳиссаси учун “кинони қутқарган инсон” деб аташади.
Қўшимча маълумотларга кўра, Том Круз 1962 йил 3 июлда АҚШда туғилган. Унинг кинодаги йўли 1981 йилда бошланган. Круз бир неча бор “Олтин Глобус” соҳиби бўлган, шунингдек, 570 миллион доллардан ортиқ бойликка эга, дунёдаги энг кўп даромад топувчи актёрлардан бири ҳисобланади.
Том Круз иштирок этган фильмлар Шимолий Америкада 4 миллиард доллардан ортиқ, жаҳон бўйича эса 10,1 миллиард доллар даромад келтирган. Бу кўрсаткич уни кино тарихидаги энг катта бокс-офис қаҳрамонларидан бирига айлантиради.
Круз нафақат роллари, балки “Уддалаб бўлмас топшириқ” сериясидаги хавфли трюклар, шиддатли каскадёрлик ҳаракатлари ва Стенли Кубрик, Пол Томас Андерсон каби машҳур режиссёрлар билан ҳамкорлик қилгани билан ҳам томошабинлар қалбидан ўрин олган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.