date

Санжар Холиқов ҳаётидаги бурилишлар ва муҳаббат тарихи ҳақида сўзлаб берди

Санжар Холиқов ҳаётидаги бурилишлар ва муҳаббат тарихи ҳақида сўзлаб берди

Хонанда Санжар Холиқов YouTube’даги “Иккаламиз” дастурида меҳмон сифатида иштирок этиб, шахсий ҳаёти ҳамда ижодидаги танаффус сабаблари хусусида батафсил фикр билдирди. Суҳбат жараёнида санъаткор турмуш ўртоғи Асила Абдуллаева билан қандай танишгани, оиласидаги кам учрайдиган қон гуруҳи ва текстиль йўналишидаги тадбиркорлик фаолияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

Асила Холиқова:

(Хонанданинг турмуш ўртоғи)

Унинг айтишича, улар ижтимоий тармоқлар орқали танишиб қолишган.

— Илгари телефонларда Snapchat дастури мавжуд эди. Бир куни ўша иловада видеоларимни кимлар кўрганини текшираётганимда, улар орасида Санжар Холиқовнинг номи чиқиб қолди. “Ким экан бу?” деб ҳайрон бўлганман, чунки профилида ҳеч қандай видео жойланмаган эди. Кейин дугоналарим орқали суриштириб билдим. Бироқ илк бор яқиндан опамнинг “Қиз базми” маросимида кўрганман. Тоғаларим унинг ижодини ёқтирганлари учун уйимиздаги тадбирга хизматга чақиришган экан. Ўшанда мен 17 ёшда эдим.

Санжар Холиқов:

— Рафиқамнинг тоғаларини, ҳатто уларнинг аждодларини ҳам аввалдан билардим. Масалан, Маҳмуд тоғаси Тошкентдаги машҳур ресторанлардан бирига эгалик қилади. Асилани биринчи марта опасининг қиз базмида хизматда бўлганимда кўрганман. Ҳовлида одамлар орасидан ўтиб саҳнага чиқиб кетаётганимда, худди фильмлардаги каби, Асиланинг устига нур тушиб тургандай туюлди. Ўша лаҳзада уни кўриб, юрагим жиз этган.

Аслида, ундан аввал Snapchat орқали тасодифан расмларини кўриб қолиб, скриншот қилиб олган ва излай бошлаган эдим. Кейин ҳаётда учратганимдан сўнг Instagram саҳифасини ҳам топдим. Маълум бўлишича, Ёрқинхўжа Умаровнинг концерти бўлар экан. Ижтимоий тармоқлар орқали Асиланинг ҳам ушбу концертга боришини билиб, мен ҳам у ерга бордим. “Балким учрашиб қолармиз”, деб айтганман унга. Концерт куни у орқа қаторда, мен эса олдинги қаторда ўтирганман. Тадбир давомида тез-тез орқага қараб турардим. Ёрқинхўжанинг шу концертидан икки йил ўтиб, тўйимиз бўлди. Орадаги танаффусга эса кутилмаган карантин даври сабаб бўлди.

“Учрашувларга чиқмаганман”

— Рафиқамни учратгунга қадар умуман учрашувларга чиқмаганман. Ота-онам бирор қизнинг уйига совчиликка бориш ҳақида гап бошласа ҳам, розилик бермасдим. Чунки ўша пайтларда ёш эдим, ишларим яхши, машинам ва пулларим бор эди. “Учрашувда қизлар шу нарсаларга алданиб қолиши мумкин”, деб ўйлардим. Бир-икки оғиз гап билан уларнинг эътиборини қозониш мен учун қийин эмасди. Аммо “Кейин инсон сифатида ёқмай қолсам, муаммолар чиқмасин”, деб қизлар билан учрашишдан ўзимни тийиб юрардим.

“Иккимизнинг қон гуруҳимиз бир хил — камёб”

— Асиланинг қон гуруҳи биринчи манфий. Одатда, эркакда резус-фактор мусбат, аёлда эса манфий бўлса, бу яхши ҳолат эмас деб қаралади. Бундай вазиятда фарзандли бўлиш қийинлашиши мумкин. Рафиқамнинг онаси шуни ўйлаб, доим хавотирда юрарди. Қолаверса, бу қон гуруҳи жуда ноёб ҳисобланади. Мен эса ўзимни иккинчи гуруҳ мусбат деб билардим.

Бир куни қон таҳлили топширдик. Натижаси чиққанидан сўнг шифокор чақириб, менда ҳам биринчи манфий эканини маълум қилди. У ҳатто 30 йиллик фаолияти давомида биринчи марта иккала томони ҳам “минус бир” бўлган жуфтликни учратаётганини айтди. Яъни менинг қоним ҳам, аёлимники ҳам фақат бир-биримизга мос келар экан. Ҳозир эса иккала ўғлимизда ҳам биринчи манфий қон гуруҳи мавжуд.

“Оиламни таъминлаш учун санъатдан вақтинча узоқлашдим”

— Карантин пайтида барча уйда қолганида, отам билан бир йил мобайнида нечта қўшиқ чиқарганимизни, қайси ишлар оммалашганини, умуман ижодий фаолиятимизни таҳлил қилдик. Шунда англадикки, ҳозир кўп жиҳатлар DJ’ларга боғлиқ бўлиб қолган. Чунки тўйлар қисқарди, одамлар эса телефон орқали мусиқа эшитишга ўтиб кетди. Санъаткор даромадининг асосий қисми тўйлардан келади, гарчи кейинги пайтларда концертлар ҳам аҳамият касб этаётган бўлса-да.

Бироқ оилани таъминлаш, даромад топиш зарур. Шу боис ижодимда қисқа танаффус қилиб, тадбиркорликка ўтишга қарор қилдим. Отамнинг тадбиркор дўстига шогирд тушиб, бизнес сирларини ўргандим. Текстиль соҳасида ўз фаолиятимни бошладим. Кўпчилик текстиль деганда фақат кийим тикишни тушунади. Аслида эса бу соҳада бухгалтерия, молия ва ҳуқуқий жиҳатлар ҳам муҳим ўрин тутади. Ана шу йўналишларни асосидан ўрганиб, амалиётда қўллашга ҳаракат қилдик.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Маданият » Санжар Холиқов ҳаётидаги бурилишлар ва муҳаббат тарихи ҳақида сўзлаб берди