«Олти ойлигимда 20 кило бўлганман» — Элбек Иброҳимов операциясиз 100 кило вазн ташлаб ҳаммани ҳайратда қолдирди

Ижтимоий тармоғларда “Шум бола” тахаллуси билан танилган машҳур фудблогер Элбек Иброҳимов “Менинг юртим” телеканали орқали эфирга узатиладиган “Омон-омон” дастурида меҳмон бўлди. Суҳбат давомида у операциясиз қандай қилиб катта миқдордаги вазндан қутулгани ва овқатланиш тартибида қайси жиҳатларга эътибор қаратгани ҳақида гапирди.
“Олти ойлигимда 20 килодан ошганман”
— Туғилганимда вазним 5 килодан ортиқ бўлган. Олти ойлик пайтимда эса 20 килодан ошиб кетган эканман. Шифокорлар айтишича, биз ўзимиз билмаган ҳолда бир нечта катта натижаларга эришганмиз. Дунёда “агар семизлик генетик бўлса, озиш қийин”, деган қараш бор. Наслимиздаги инсонларнинг деярли барчаси тўла бўлса-да, мен озишга муваффақ бўлдим.
Унинг таъкидлашича, тез вазн ташлаган кўпчилик одамлар қисқа вақт ичида яна вазн йиғиб олади. Аммо у ҳозир ҳам ўз натижасини сақлаб қолмоқда.
— Ҳозир вазним 100 килограмм. Албатта, яна бироз ортиқча вазним бор. Шунинг учун машғулотларни давом эттириб, 70 килогача тушишни мақсад қилганман, — деди блогер.

Элбек Иброҳимовнинг айтишича, ортиқча вазн туфайли юзага келган қийинчиликлар уни жиддий қарор қабул қилишга ундаган.
— Шунингдек, операция қилдириб, кейин эса ўз меҳнати билан озгандек кўрсатишга ҳаракат қилаётганларни кўрганим ҳам таъсир қилди. Мен соғлом усулни — спорт ва машқларни танладим. Оиламни Аллоҳга топшириб, махсус машғулотлар лагери учун Озарбайжонга кетдим, — деди у.
“Яқинларнинг қўллаб-қувватлаши жуда муҳим”
Блогернинг фикрича, парҳез пайтида инсон руҳий жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватланиши керак.
— Кўпчилик истаган таомини ейолмагани учун асабийлашади. Аммо атрофдагиларнинг меҳри ва эътибори бу қийинчиликларни енгишга ёрдам беради. Машғулотлар давомида тўрт соат узлуксиз спорт билан шуғулланиб, 4000 килокалория сарфлардим. Истеъмол қилган овқатим эса ҳатто 900 килокалорияга ҳам етмасди. Бу тартиб олти ой давом этди. Ҳозир 36 ёшдаман, аммо организм кўрсаткичлари 29 ёшли инсонникига яқин, — деди у.
Овқатланиш тартиби қандай бўлган?
Элбек Иброҳимовнинг таъкидлашича, интизом ва тартиб ҳар қандай натижанинг асоси ҳисобланади.

— Соғлом овқатланишда барча маҳсулотларни меъёрда истеъмол қилиш мумкин. Қатъий парҳезда эса нон, шакар ва ширинликлар бутунлай чиқариб ташланади. Бу даврда товуқ гўшти, балиқ ва клетчаткага бой маҳсулотлар энг яхши танлов ҳисобланади. Мен ҳозир ҳам парҳездаман ва гўштни асосан ҳафтанинг охирги кунида истеъмол қиламан, — деди блогер.
Унинг сўзларига кўра, озиш жараёни нафақат ташқи кўринишини, балки характерини ҳам ўзгартирган.
— Машғулотлар мени ҳақиқий маънода тарбиялади. Вазним 107 килога тушган пайтларда оиламни қаттиқ соғиниб, ҳаммасини ташлаб кетиш ҳақида ҳам ўйлаганман. Машғулотлар Баку ва Москва шаҳарларида ўтказилди. Қувонарлиси, лойиҳада қатнашган 12 давлат орасида Ўзбекистон биринчи ўринни қўлга киритди, — деди Элбек Иброҳимов.





























Изоҳлар 0
…