Аҳад Қаюм танқидчиларга жавоб берди: “Билмай туриб гапириш осон”

Актёр, режиссёр ва шоир Аҳад Қаюм “Наво меҳмонда” дастуридаги суҳбатида ижтимоий тармоқларда негатив фикр билдирадиганларга кескин муносабат билдирди.
Шоирнинг айтишича, у ижодий фаолиятини бошлаган пайтда ҳатто яқинлари ҳам бундан ҳайратда қолган: “Мен шеър ёзиб Аҳад Қаюм бўлиб чиққанимда синфдошларим ҳам, дўстларим ҳам ҳайрон бўлган. Аслида, қизиқишим математика, физика каби аниқ фанлар ва кинога бўлган. Шеърларни эса кино соҳасида яхши актёр бўлишим учун ёдлаганман”, — деди у.
Шунингдек, у ўйламасдан туриб фикр билдирадиганларга нисбатан танқидий фикрларини ҳам яширмади: “Билмасдан туриб фикр билдириш мени ҳайратда қолдиряпти. Кимдир ютуққа эришса, буни меҳнат билан боғлашмайди. Аксинча, кимдир ёрдам берган деб ўйлашади. Ёки кимдир қимматбаҳо нарса олса, уни кимдир олиб берган, дейишади”, — дея таъкидлади шоир.
Аҳад Қаюм, айниқса, санъаткорлар ва таниқли шахсларга нисбатан асоссиз танқидлар ёзадиганлар ҳақида савол билан мурожаат қилди: “Шунақа фикрлар ёзаётган одамлар ўзи ким? Улар ҳаётда қандай тоифадаги инсонлар экан?” — деди у.
Унинг бу фикрлари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлиши кутилмоқда.






























Изоҳлар 0
…