Эже Иртем ўлими маймун тишлаши оқибатида вафот этган бўлиши мумкин

Туркиянинг машҳур актрисаларидан бири, “Қизил шарбат” сериали орқали томошабинларга яхши таниш бўлган Эже Иртемнинг кутилмаган вафоти билан боғлиқ ишда янги тафсилотлар юзага чиқди.
Аввалроқ 35 ёшли санъаткорнинг ўлими юрак хуружи билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ воқеа юзасидан янги версия илгари сурилди.
Маълум қилинишича, 22 июнь куни марҳуманинг адвокати Угур Гўккоюн прокуратурага мурожаат қилиб, тергов жараёнида муҳим жиҳатга эътибор қаратишни сўраган. Унинг айтишича, Эже Иртем вафотидан олдин Таиландда саёҳат қилган ва ўша ерда маймун ҳужумига учраган бўлиши мумкин.
Адвокатнинг таъкидлашича, актрисанинг чап елка қисмида учта тиш изи аниқланган. Оила аъзолари билан ўтказилган суҳбатлар давомида эса бу излар Таиланд сафари чоғида маймун тишлаши натижасида пайдо бўлгани маълум бўлган.
Ҳуқуқшунос мутахассислар билан маслаҳатлашганидан сўнг, бундай ҳолат айрим вазиятларда сепсис — қон заҳарланишига олиб келиши ва оғир асоратлар туғдириши мумкинлигини билдирган.

Шу муносабат билан адвокат прокуратурадан мазкур ҳолатни ҳам тергов доирасида ўрганишни сўраган. Айни пайтда актрисанинг ўлими сабабларига оид расмий суд-тиббий экспертиза хулосаси ҳали эълон қилинмаган.
Эътиборлиси, Эже Иртем вафотидан бир кун аввал ўзининг 35 ёшини нишонлаган эди. Байрамдан кейин у ижтимоий тармоқларда табрик йўллаган мухлисларига миннатдорлик билдириб, пост қолдирган. Бу унинг саҳифасидаги сўнгги хабарлардан бири бўлиб қолди.
Марҳуманинг яқин дугоналари айтишича, актриса ҳаётининг сўнгги даврларида қизиқ фикр билдирган. У ўзини қариганда тасаввур қила олмаслигини ва ёш вафот этиши мумкинлигини ҳазиломуз тарзда айтган. Мухлисларнинг айримлари эса бу сўзларни бугун турлича талқин қилмоқда.






























Изоҳлар 0
…