Шаҳло Салаева ва Вейсел Дулгер тўйи ижтимоий тармоқларни забт этди (видео)

Кеча Туркияда бўлиб ўтган хонанда Шаҳло Салаева ва туркиялик санъаткор Вейсел Дулгернинг тўйи ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бирига айланди.
Тарқалган видеолардан бирида Шаҳло Салаеванинг равон турк тилида сўзлагани ҳамда туркча қўшиқ ижро этгани кўпчиликнинг эътиборини тортди. Яна бир лавҳада эса келин-куёв яқинлари билан турк миллий рақсларини ижро этгани, яна бир бошқа видеода Вейсел Дулгер туркча қўшиқ айтгани, Шаҳло Салаева эса ўғлини бағрига босган ҳолда рақсга тушгани акс этган.
Тўй маросимининг яна бир ўзига хос жиҳати якуний анъаналарда намоён бўлди. Турк урф-одатларига кўра, келин ва куёвнинг бўйнига гулчамбар эмас, балки пулчамбар тақилди ва шундан сўнг улар янги хонадонига тантанали равишда кириб борди. Мазкур одат ҳам ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Тарқалган видеолардан кўриниб турибдики, тўй ортиқча дабдабасиз, ихчам, файзли ва самимий руҳда ташкил этилган. Маросимдаги илиқ муҳит ва миллий анъаналар уйғунлиги кўплаб интернет фойдаланувчилари томонидан илиқ кутиб олинди.
Биз ҳам Шаҳло Салаева ва Вейсел Дулгерни ушбу қувончли кун билан самимий табриклаб, уларга узоқ умр, мустаҳкам бахт, оилавий тинчлик ва тотувлик тилаймиз.






























Изоҳлар 0
…