Нега Кубаева? Дилноза Кубаева фамилияси ортидаги қизиқ воқеани сўзлаб берди (видео)

“Болажон ТВ” каналидаги “Бу ким?” кўрсатувининг навбатдаги меҳмони актриса Дилноза Кубаева бўлди. Суҳбат давомида унга фамилияси нега айнан “Кубаева” экани ҳақида савол берилди.
“Вой, тўғриси, бу саволни жуда кўп олардим. Қаранг, биласизми, қадимда фарзандларга ота-онанинг ниятини ифодаловчи исмлар қўйилган. Масалан, оилада ўғил фарзанд туғилишини умид қилиб, қизларига Умидахон, қиз фарзанд туғилишини умид қилиб, ўғилларига Умид каби исмлар беришган.
Баъзан қиз фарзандлар кетма-кет туғилаверса, кейингиси ўғил бўлсин деган ниятда Ўғилой деб исм қўйишган. Фарзандлари кўп касал бўлиб, яшамай қолган оилаларда эса “шу болам омон қолсин” деган ният билан Турсин каби исмлар берилган.
Менинг бобожонимнинг ҳам кўплаб ака-опалари туғилиб, яшамаган экан. Кейин бобожоним туғилганларида, ота-онаси “ўзидан кўпайиб кетсин, фарзандлари кўпайсин” деган ниятда уларга Кўпайсин деб исм қўйишган.
Аввалги пайтларда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларни ёзишда хатолар бўлиб кетган. Шу сабабли кўплаб исмлар ҳам ўзгариб қолган. Кўпайсин ҳам ҳужжатларда нотўғри ёзилиб, “Куба”, “Кубай” шаклига ўзгариб кетган.
Шунинг учун мен аслида Кўпайсинова Дилноза, Кўпайсинова бўлишим керак эди. Аммо фамилиям ҳужжатларда “Кубай”дан келиб чиқиб, Кубаева бўлиб қолган”, — дея тушунтирди Дилноза Кубаева.






























Изоҳлар 0
…