3 ёшли бола энага томонидан қизиган электр плитага ўтқазилгани айтилмоқда

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида энага қаровида бўлган 3 ёшли бола танасида оғир куйиш ва бошқа жароҳатлар билан шифохонага ётқизилди.
Маълумотларга кўра, боланинг онаси қарийб икки ой давомида ишлагани сабаб фарзандини энага қарамоғида қолдирган. Боланинг отаси эса хорижда меҳнат қилаётгани айтилмоқда.
Гувоҳлар боланинг энага томонидан шафқатсиз муносабатга учраганини билдирмоқда. Жумладан, у қизиган электр плитага ўтқазилгани, қўллари сим билан боғлангани ва бир неча кун давомида овқатлантирилмагани айтилмоқда.
Шифокорлар боланинг танасида куйиш, кўкариш ва бошқа жароҳатларни аниқлаган. Узоқ вақт овқатланмагани сабаб озиб кетгани ва гемоглобин даражаси пасайгани ҳам маълум қилинган. Оғир куйишлар туфайли жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, тери кўчириш муолажаси бажарилган. Ҳозир боланинг аҳволи қониқарли экани айтилмоқда.
Гувоҳлардан бири мазкур энага аввал ҳам бошқа болаларга қарагани ва уларга нисбатан зўравонлик қилгани ҳақидаги маълумотларни билдирган. Бироқ бу ҳолатлар ҳозирча тергов томонидан тасдиқланмаган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми — қийнаш моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. 43 ёшли аёл гумонланувчи сифатида ишга жалб қилинган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Мазкур ҳолат Болалар омбудсмани назоратига олинган. Воқеанинг барча тафсилотларига тергов якунлари бўйича ҳуқуқий баҳо берилади.






























Изоҳлар 0
…