Зуҳра Солиева ўзига ёпиштирилган “шаллақи актриса” тамғасидан қутулиш қийинлигини айтди

Актриса, хонанда ва телебошловчи Зуҳра Солиева “Chotki ТВ” YouTube каналига берган интервьюсида ижодий фаолияти ва томошабинлар орасида шаклланган образи ҳақида гапирди. У, хусусан, “Бойвачча” фильмидаги роли сабаб кўпчилик уни ҳаётда ҳам тили ўткир, жанжалкаш аёл сифатида тасаввур қилишидан ранжишини билдирди.
Санъаткорнинг таъкидлашича, айнан шу образ орқали кенг аудиторияга танилган. Шундан сўнг унга турли тадбирлар ва тўйлардан таклифлар кўпайган, бу эса моддий жиҳатдан ҳам фойда келтирган. Шу сабабли бир муддат ўша образни давом эттириш унга ҳам маъқул бўлган.
Бироқ Зуҳра Солиева вақтида томошабинларга бу фақат саҳнадаги ва экрандаги образ эканини тушунтириб бериши кераклигини тан олди. Унинг айтишича, айрим инсонлар у билан шахсан суҳбатлашганидан кейингина ҳаётда мутлақо бошқача эканини англашади.
Актриса ҳозир ҳам ижтимоий тармоқларда унинг ташқи кўриниши ва ҳатто кулиш тарзига изоҳ берадиганлар борлигини айтди. Шунга қарамай, одамлар онгида шаклланган тасаввурни ўзгартириш осон эмаслигини таъкидлади.
Зуҳра Солиева ўзининг бошқа ижодий қирраларини ҳам намоён этишни исташини билдирди. Унинг фикрича, тарихий ва йирик давлат киноларида роль ижро этиш имконияти ҳамма санъаткорларга ҳам берилмайди. Шундай бўлса-да, актриса келажакда ўзини бошқа образларда ҳам кўрсатиш умидини йўқотмаган.































Изоҳлар 0
…