20:37 / 26.04.2018
4 330

Баҳром Назаров нима учун фильмларда суратга тушмаслигини айтди

Баҳром Назаров нима учун фильмларда суратга тушмаслигини айтди
Айни дамда санъаткор билан суҳбат уюштириш интернет энди ривожланган пайтлардагидек осон эмас. Чунки санъаткорлар ҳам технологиялар даврида мухлислари билан турли ижтимоий тармоқлар орқали мулоқот қилиши ёки ўз ижодий янгиликларини саҳифаларида тақдим этиб бориши мумкин. Аммо булар жонли мулоқотга тенг келмайди, назаримизда. Худди китобни интернетда ўқиш бошқаю ўзини варақлаб мутолаа қилиш бошқадек.

Биз ҳам сизларга ана шу ажиб ҳисни тақдим этиш мақсадида истеъдодли хонанда Баҳром Назаровни суҳбатга чорладик.

— Ассалому алайкум, Баҳром ака. Авваламбор, таклифимизга розилик берганингиз учун ташаккур. Айтинг-чи, одамларнинг гап-сўзларидан ўзингизни қандай ҳимоя қиласиз?
— Эътибор бермайман. Гап-сўзларга эътибор берсангиз, гап кўпайиб кетади, назаримда.

— Қандай вазиятда ақлга ва қай ҳолда ҳиссиётга таяниб иш кўрасиз?
— Жаҳлим чиққанда ақлга, илҳом келганда ҳиссиётга таяниб иш кўраман.

— Алдаган, панд берган одамингизни кечира оласизми?
— Ҳа, кечираман. Чунки мен кечиримли инсонман.

— Қай даражада кечиримлисиз?
— Биласизми, ким биландир тортишиб қолсам ҳам тезда эсимдан чиқариб, ўша одамни кечириб юбораман. Негаки инсон кечиримли бўлиши керак. Агар чегарадан ўтказиб юборишса ҳам вақт ҳаммасини даволашига ишонаман.

— Санъаткор бошқаларга ўрнак бўлиши керак, дейишади. Сизнингча, ҳамма санъат вакиллари ҳам бу масъулиятни ҳис этяптими? Ўзингиз-чи?
— Масъулиятни ҳис қилаётганлар ҳам бор, ҳис қилмаётганлар ҳам бор. Биласизми, биз маданият тарғиботчиларимиз ва бизга мухлисларимиз эргашади. Биздан ўрнак олишади. Шунинг учун ҳам биз ўзимизни назоратда ушлашимиз керак.

— Демак, сиз ҳам ўзингизни масъулиятли санъаткорлар тоифасига киритасиз…
— Албатта. Чунки ёш авлод сизга қараб ҳавас билан қадам ташлайди, сизга қараб кийинади, сиздан маданиятни ўрганади. Шу сабаб ҳам биз ўрнак бўлишимиз шарт, деб ҳисоблайман. Бизнинг биргина нотўғри ҳаракатимиз уларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Тўғри, айрим ҳамкасбларим орасида ўз қаричи билан ўлчайдиганлари бор ва бу борада уларга ақл ўргатишдан йироқман.

— Ҳамон талаба бўлиш иштиёқидамисиз ёки?..
— Албатта, бу йил талаба бўламан, насиб бўлса…

— Лекин ўтган йилги суҳбатларингизда ҳам шу гапни айтгандингиз…
— Тўғри, ўтган йили ҳужжатларимни топшириб, имтиҳон куни тўйга — хизматга кетиб қолганман (кулиб).

— Айтинг-чи, ўзингизга ёқмаган саволларга жавоб бермаган ҳолларингиз ҳам бўлганми? Ва нега?
— Ёқмаса, жавоб бермай қўя қоламан ва кейинги саволга ўтайлик, дейман.

— Сизга бирор-бир фильмда суратга тушиш таклифини билдиришса…
— Таклифлар бўлган. Лекин рад этаман. Сабаби, эътибор берган бўлсангиз, клипларимда ҳам ўзим роль ижро этмайман. Негаки актёрлик менинг қўлимдан келмайди. Битта клипимда ўзим роль ижро этиб, ўз имкониятларимни билганман ва бошқа роль ижро этмасликка қарор қилганман. Клипдаги ролим ўхшамагани учун ҳамма ўз ишини қилгани маъқул, деган фикрга келганман.

— Қайси актёр ёки актриса билан роль ижро этган бўлардингиз, агар сизда актёрлик иқтидори бўлганида?..
— Мел Гибсон билан (кулади). Ўзбек актрисаларидан эса Дилноза Кубаева билан роль ижро этган бўлардим. Биласизми, ўзбек актёр-актрисалари орасида ҳамманинг ижодига ҳам мухлислик қилолмайман.

— Китобни чиройли шеър қидирганда ўқийсизми ёки бошқа вақтларда ҳам мутолаага вақт топасизми?
— Шеър китоб қўлимга тушиши билан, албатта, чиройли ва маъноли шеърларни қидираман. Бошқа бадиий китобларга, тўғриси, вақт ажратганим йўқ ҳозирча.

— Нега аёл санъаткорлар билан дуэт куйламайсиз? Ёки улар таклифингизни рад этишидан чўчийсизми?
— Йўқ, чунки таклиф билдирмайман. Аниқроғи, шу вақтгача ҳеч ким билан дуэт куйламаганман ва бу борада режам ҳам бўлмаган. Таклифлар бўлган, балки, қачондир айтарман ҳам. Тўғри, яқинда Жаҳонгир Позилжонов билан дуэт куйладим. Бу фильм учун махсус саундтрек эди.

Биласизми, мен юракни жиз эттирадиган ва халқнинг эътиборига тушадиган дуэт бўлишини хоҳлайман. Менинг ижодимда ҳам дуэт бўлиши керак, деб дуч келган қўшиқни дуэт қилолмайман.

— Хўп, шундай дуэт қўлингизга тушди, дейлик. Қайси аёл санъаткорга таклиф билан чиқасиз?
— Масалан, Севара Назархонга, яна… Рости ўйлаб кўрмаганман бошқа санъаткорларни.

— Шу кунгача қилган энг катта хатонгиз?
— Ёшлик йилларимнинг кўп вақтини бекорчиликда ўтказганим менинг энг катта хатом.

— Озодбек Назарбеков сизнинг устозингиз. Айтинг-чи, устозингизни танқид қила оласизми? Дейлик, хатоларини юзига айтоласизми?
— Йўқ, чунки улар менинг устозим. Лекин агар мендан фикр сўрасалар бу борада фикрларимни билдиришим мумкин.

— Қаҳва ёки чой?
— Албатта, чой. Ҳозир қайноққина кўк чой бўлса, ёмон бўлмасди (кулги кўтарилди).

— Дейлик, боришингиз шарт бўлган тадбир ва яқин инсонингизнинг тўйи, у сиздан хизматда бўлишингизни илтимос қилган — қайси бирини танлайсиз?
— Албатта, яқин инсонимнинг тўйига бораман. Агар пулли тўй бўлса, уни бекор қилиб, тадбирга боришим мумкин. Лекин яқинларимнинг тўйида хизматда бўламан.

— Баҳром Назаров 20-30 йилдан кейин ўзини қандай тасаввур қилади?
— (ўйланиб) Билмадим, Худо хоҳласа, фарзандлар даврасидаги бобо бўлиш. Яна…
Рости, 20-30 йилдан кейин қўшиқ айтмасам керак, менимча. Негаки буни тасаввур қилолмайман.

— Хаёлингизда тинимсиз айланадиган қўшиқ?
— (ўйланиб) Булар кўп. Айниқса, Сами Юсуфнинг қўшиқларини доим айтиб юраман. Агар тилимга бирорта қўшиқ келса, уни кун давомида хиргойи қиламан ва бу кайфиятимга ижобий таъсир кўрсатади.

— Ростини айтинг, муштлашганмисиз ва нима учун?
— Албатта, қайси бирини айтсам экан (кулади). Ёшлигимда, мактаб давримда кўп уришардик… Бу ҳар бир болада бўлади, менимча.
Биласизми, ҳаётда оғир-босиқ бўлганим учун эсимни таниганимдан кейин уришиб, муштлашган ҳолатлар бўлмаган.

— Балки, яшираётгандирсиз?
— (кулиб) Балки…

— Устозингиздан сўрамоқчи бўлган саволингиз? Ёки ҳанузгача сўролмаган гапингиз…
— (ўйланиб) Унақа саволим йўқ. Чунки устозим мен учун идеал инсон.

— Сизни ҳам бир неча бор плагиатда айблашди…
— Битта мени айблашмади-ку. Аввал ҳам айтганимдек, мен мухлисларим учун ижод қиламан. Мен учун гап-сўзлар иккинчи даражали. Биласизми, мен «Пари-пари»ни ўғирлаб айтмаганман! Мухлисларим билишини хоҳлайман, қўшиқни муаллифдан сўраб айтганман.

Ваҳоланки, қозоғистонлик, туркманистонлик, эронлик ижодкорлар ҳам менинг қўшиқларимни куйлашяпти. Мен буни жар солиб айтаётганим йўқ-ку. Чунки бу ижод ва сиз илҳомланган нарсангизни мухлисларга ҳам илингингиз келади. Мен мухлисларнинг кайфияти учун ижод қиламан ва бу мен учун ҳаммасидан муҳим!

— Юлдуз Усмонова, Насиба Абдуллаева, Зулайҳо Бойхонова ва Гулсанам Мамазоитова. Сиз…
— Гулсанам Мамазоитова ва Насиба Абдуллаева.

— Нега айнан улар?..
— Чунки бу ижодкорларнинг ижодини ёқтираман.

— Бирорта қўшиғини хиргойи қилиб бера оласизми?
— Бу дунё сиғмаган икки кўзимга,
Тўлиб қолди икки томчи аччиқ ёш.
Пешона деганга ёзилган экан,
Роҳат эмас фақат, чидам ва бардош.

Яна ушбу устоз санъаткорнинг «Баҳор» қўшиғи ҳам менга жуда ёқади ва имкон бўлса айнан «Баҳор» қўшиғини ўзларидан сўраб айтган бўлардим. Гулсанам Мамазоитованинг эса «Сенсизлигимда» қўшиғини ижро этардим.

— Сир бўлмаса, тўйларга қанчага чиқасиз?
— (кулади). Буни айтолмайман.

— Айтинг-чи, тўй хизматлари учун белгиланган нархни ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтарадими?
— Йўқ, ҳамма ҳам бу нархни кўтармайди. Лекин биз харажатларимизга қараб нархни белгилашга мажбурмиз. Сабаби, ижодимизни давом эттириш учун шунақа нарх белгиланади. Яъни клип суратга олиш, ТВда айлантириш, радиода эфирга бериш — ҳаммасининг нархи осмонда. Аммо тўй эгасининг чўнтагига ҳам қараб иш тутамиз. Баъзида камроқ пулга, баъзида бепул ҳам хизматга борганмиз. Чунки мухлислар бор, биз бормиз.

— Охирги концертингизда бир мухлисингизнинг тўйида бепул хизмат қилиб беришингизни айтгандингиз. Хўш, ўша мухлисингиз уйландими? Ёки сизга боғланолмай тўйини ўтказиб юбордими?
— Концертда уч нафар мухлисга ваъда берганман. Лекин улар ҳали уйланмади, чунки у йигитлар ёш. Ваъда-ваъда, боғланишса, албатта, тўйида хизмат қилиб бераман.

— Баҳром Назаровнинг ҳақиқий санъат талабларига жавоб берадиган қўшиғи борми?
— Бор, масалан, Махтумқули ғазали билан айтилган «Эй, ёронлар», Алишер Навоий ғазали билан айтиладиган «Э, Раб» ва бошқалар. Эстрада йўналишида ҳам шундай қўшиқларим бор, деб ўйлайман.

— Ҳаммамиз ҳар бир гапга ўйлаб жавоб берамиз. Айниқса, ақлимизни танигач. Айтинг-чи, Баҳром Назаров бўлмасингиздан олдин кимнингдир дилини оғритганмисиз ва ҳозиргача шу ишингиздан хижолат чекиб турасизми?
— Мен бу борада кўп ўйланаман, лекин ҳеч ҳам жавоб тополмайман. Чунки устозимнинг ёнида бўлганим учун бунга вақт бўлмаган. Лекин кимнидир кўнглини оғритиб қўйганимни сезсам, албатта, узр сўрайман.

— Эшитишимизча, бир тўйда маст мухлисларингиз бошқа санъаткорларнинг қўшиғини куйлаганингиз учун сизни дўппосламоқчи бўлишган экан. Шу ростми?
— Рост. Адашмасам, Самарқандда бўлганди бу воқеа. Мен тўйларда, асосан, устоз санъаткорларнинг ва устозимнинг қўшиғини куйлашим мумкин. Тасаввур қилинг, тўй эгаси сизнинг қўшиқларингизни эшитиш учун хизматга чақирган бўлса, сиз бошқа қўшиқлардан куйласангиз дили оғриши мумкин.

Яна бир нарса бундай дилхираликлар бошқа санъаткорларда ҳам кузатилади, деб ўйлайман.

— Ўғлингизнинг исми Озодбек…
— Устозимга ўхшаган инсон бўлишини хоҳлаганман ва шу исмни қўйганман. Чунки устозим мен учун ота ўрнида.

— Табиблар, фолбинлар ва домлаларга ишонасизми ва уларга ҳеч ишингиз тушганми?
— Бу рўйхатдан фолбинларни чиқариб ташланг. Домлалар эса Аллоҳнинг каломини ўрганган инсонлар бўлиб, уларнинг ёнига ўзимга, фарзандларимга дам солдириш учун бориб тураман.

Табибларга бормаганман ва ишим ҳам тушмаган шу вақтгача. Лекин уларнинг кучлиси бўлса, ихлос билан бориш керак, назаримда, дардингизга шифо топиш учун. Шу қаторда мен ҳам агар саломатлигим учун бор дейишса, борган бўлардим.

— Ижодий янгиликларингиз билан ҳам ўртоқлашсангиз…
— Яқинда «Хижрон» номли қўшиғимни тақдим этдим. Бу ижодимдаги энг узоқ вақт сарфланган ва ижодимда туб бурилиш ясаган клип бўлди. Шу вақтгача бирорта клипимиз
премьерасига 34 кун сарфламаган эдик. Дўстим, актёр ва хонанда Али Отажоновга ҳамда актриса Ситора Алимжоновага ижролари учун миннатдорчилик билдираман. Улар унча-мунча актёр ва актриса кўнмайдиган шартларимизга кўниб, клипимизда роль ижро қилишди.

Шунингдек, апрель-май ойларига водий ва воҳа бўйлаб гастроль режалаштирганмиз. 16 кунлик хизмат сафаридан қайтгач, ноябрь ойидаги янги концертимизга тайёргарликни бошлаймиз. Ҳозирда концертнинг ишчи репертуари ва қўшиқлар устида изланямиз.

— Самимий суҳбат учун ташаккур.
Юлдуз ИСОҚОВА
суҳбатлашди.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Баҳром Назаров нима учун фильмларда суратга тушмаслигини айтди