20:50 / 27.07.2019
5 248

Тарихимизни қайтариб беринг! Абдуллахон II ким бўлган?

Тарихимизни қайтариб беринг! Абдуллахон II ким бўлган?
Яқинда ҳамма нарсага қизиқаверадиган ўғлим Бунёдбек, “Оқчопсой сув иншоотини нега “Абдуллахон банди” дейишади? Абдуллахон ўзи ким бўлган?“ деб сўраб қолди. Ўйланиб қолдим. Табиийки, у бу саволларга дарсликлардан жавоб тополмайди. Бизга ҳам ўқитишмаган. Бунинг устига яқинда у “Эртуғрул“ номли турк сериалини кўриб, Жалолиддин Мангуберди вайрон бўлган хоразмшоҳлар империясини мамлакатнинг жанубий-ғарбий қисмида қачон ўрнатганига оид саволига, ўқитувчисидан Амир Темур даври ҳақида жавоб эшитиб хуноб бўлиб келганини эслаб вужудимни ранж ва алам эгаллади.

Бугун тарихий корейс, хитой, турк сериалларини кўриб, ўсиб-улғаяётган авлод наҳот тарихда империялар қурган, марказлашган улкан давлатлар барпо этган улуғ аждодларининг афсоналарга бурканган ҳаётидан, юз ва юз йиллардан зиёд дунё саҳнида ҳукмронлик қилган хоразмийлар, шайбонийхонлар, аштархонийлар тарихидан бехабар қолаверишса. Майли у мозийнинг кир ва қора кунларига бориб тақалсин, лекин у бизнинг тарихимиз. Шўролар замонидаку, ҳатто Жалолиддинни ҳам биздан сир тутишди, бошқаларини узоқдан “олабўжи“ қилиб кўрсатишди, ватан ҳимоячиларига эса “босмачи“ деган ёрлиқ ёпиштиришди. Эндичи...?

Машҳур венгер сайёҳи Ҳерман Вамберининг “ўтмиши кўмилган миллатнинг, истиқболи ҳам зулмат остидадир“ деган сўзлари худди бизнинг бугунги фожbамиз ҳақида айтилгандек. Яшириб нима қилдик, бугунги баъзи одамлардаги маънавий қашшоқлик, ўзининг бугуни ва эртасига бу қадар лоқайдлик, мутелик ўтмишимиздан узилиб қолганимиз, шонли тарихимиздан бехабарлигимиз касофати эмасми?! Дарсликларда очиқ қолган, ўқилмаган, тўғрироғи, ўқитилмаган саҳифалар Крилов масалидаги “тарих тўғрисида қолайликда жим, эртак сўйлайлик қулоқ бер шунга“ деган машҳур жумлаларни эслатади.

Бу борада тарихчи ва адабиётшуносларимиздан ўпка-гинамиз кўп. Улар тарихни бор бўй-басти билан гавдалантиришда, гарданларидаги қарзларини узишганлари йўқ. Ҳатто Жалолиддин Мангубердидек улуғ сиймо тарихини ёритишда Фоуд Кўпрулу, Ойдин Тонарий сингари турк, Зиё Бунёдов сингари озарбайжон олимлари уларга нисбатан кўп иш қилишди.

Хўш, Оқчопсой тўғони ва сув омбори қачон ва ким томонидан қурилган. Манбалардан маълум бўлишича, Қўшработ туманидаги Бекларсой (умумий номи Оқчопсой) дарасида сақланиб қолган, Шайбонийхон сулоласидан бўлган Абдуллахон II томонидан тахминан 1580 йилда қурилган. Абдуллахонбанди ибораси мана 440 йилдирки тиллардан тилларга-диллардан дилларга кўчади. Унда чамаси бир миллион икки юз минг кубометр сув тўпланган. У сувнинг оқиб чиқиши учун зарур бўлган мажмуа билан ҳам таъминланган. Абдуллахон тўғони бузилган ҳолда бўлсада узоқ йиллар сақланиб турди. Кейинчалик унинг ўрнида Оқчопсой сув омбори бунёд этилди.

Абдуллахон II замонида Бухоро хонлигида деҳқончилик, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ривожланган. Абдуллахон банди, Туятортар канали, Оқчопсой тўғони ва сув омбори, Вахшдан чиқарилган кўплаб ариқлар бунёд этилган. Унинг даврида мамлакатда ҳунармандчилик айниқса ривож топган. Мавороуннаҳрлик косиблар моҳирона турли-туман металл буюмлар, ип ва ипак матолар, аъло навли қоғозлар ишлаб чиқаришган.

Биргина Самарқандда ҳунарнинг олтмиш бир туридан фойдаланишган. У қурдирган мадраса, кутубхона, шифохона, ҳаммом, тим, сардоба ва работ сингари маъмурий, жамоат ва тижорат бинолари рўйхати ўн бир саҳифадан ёки сони ўн мингтадан ошган. Абулғозий Баходирхон таъбири билан айтганда, “Машҳури маъруф“ Абдуллахон асос солган кутубхона мусулмон оламида машҳур бўлган. Бухоро шаҳридаги “Абдуллахон тими“ номи билан машҳур ёпиқ бозорнинг бир тоқида жойлашган китоб бозори бутун дунёга маърифат зиёси таратган.

Дарвоқе, Шайбонийхонлар ўзбек меъморчилигини ривожлантиришда темурийлардан сўнг энг кўп ҳисса қўшган сулола саналади. Абдуллахон II бу сулоладан этишиб чиққан нафақат моҳир саркарда, марказлашган улкан мамлакат қура олган давлат арбоби бўлибгина қолмай, истеъдодли шоир ҳам бўлган. У “Хон“ тахаллуси билан ўзбек ва форс тилларида шеърлар битган.

Темурийлар ва шайбонийхонлар тарихини ёритишда бирини улуғлаб, иккинчисининг юзига қора бўёқ чаплаш инсофдан бўлмайди. Бобур ва Шайбонийхон зиддиятига олий ҳакам вақт аллақачон ўз ҳукмини чиқариб бўлган. Қолаверса уларнинг ҳар иккаласи ҳам, бизнинг улуғ бобомиз. Улар ва авлодларининг мангуликка дахлдор бадиий ва маданий мероси халқимизнинг маънавий мулкига айланган. Шундай экан, энди бизга, болаларимизга тарихдан ёлғон яшиқ эртак сўзламанг. Балки у юз йилдир, балки уч юз йил, балки ундан ҳам кўпроқдир. Унутилган ва ўчирилган тарихимизни қайтаринг!
Умид СОРИЕВ

Манба: Xs.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Тарихимизни қайтариб беринг! Абдуллахон II ким бўлган?