10:55 / 04.10.2020
4 279

Саида Мирзиёева «Мендирман Жалолиддин» сериали ҳақида гапирди

Саида Мирзиёева «Мендирман Жалолиддин» сериали ҳақида гапирди
Фото: Kun.uz
«Мендирман Жалолиддин» тарихий сериалининг биринчи қисми тақдимотида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси, сериал лойиҳаси раҳбари Саида Мирзиёева сўзга чиқиб, тарихни ўрганиш аҳамияти, сериални суратга олиш ишлари қандай олиб борилгани ҳақида гапирди.

«Отам Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига тайинланиб, биз Жиззахдан Самарқандга кўчиб ўтганимизда, бу шаҳар менда қандай таассурот қолдирганини жуда яхши эслайман. Отам озгина бўш вақт топдилар дегунча бизга Самарқандни кўрсатар, тарихий обидалар билан таништирар ва буюк тарихий шахслар ҳақида сўзлаб берар эди.

Бўш вақтимда тез-тез ўша қадимий масканларни зиёрат қилар, буюк қахрамонлар ҳаётини ўрганар эдим. Шоҳи Зинда, Бибихоним, Регистон майдонида юрар эканман, хаёлимда ўша тарихий даврларни тасаввур қилар эдим. Гўё атрофимда бир неча аср олдинги ҳаёт қайнаётгандек туюларди. Тасаввуримдаги ўша ажиб воқеалар хотирамда бир умрга муҳрланиб қолган.

Бир кун келиб, имкони бўлиши биланоқ ушбу тарихий шахслар ҳақида бирор фильм олинишига ўз ҳиссамни қўшаман, деган ният қилардим. Чунки, фақат фильмлар орқалигина ўша манзарани тасвирлаб бериш мумкин, деб ўйлардим. Бир сўз билан айтганда, менинг тарихга бўлган қизиқишим айнан Самарқанддан бошланган
», деди Мирзиёева тақдимотда.

У Ўзбекистон имижини хорижий давлатларда шакллантириш, матбуот ва тарғибот ишларига масъул сифатидаги фаолияти давомида, бундан бир ярим йил олдин ҳозирги Маданият вазири Озодбек Назарбеков томонидан Жалолиддин Мангуберди ҳақида турк ҳамкасблари билан сериал суратга олиш таклифи берилганини эслаб ўтди.

«Албатта, биз бу ғояни қўллаб-қувватладик. Чунки, афсуски, ўзбек миллий киночилигида тарихий шахслар, буюк алломаларимиз ҳаётига бағишланган сериаллар деярли йўқ даражада. Сериаллар яратилиши эса нафақат тарихни ўрганиш, балки буюк боболаримиз ҳаёти билан яқиндан танишиш имконини беради. Бундай сериаллар ҳар бир ўзбек миллати вакилида миллий ғурурни шакллантиради, ўзбек халқининг қаддини янада баланд кўтаради», деди у.

Унинг айтишича, сериалнинг суратга олиш ишлари пандемия туфайли режадан чиқиб кетган. Ҳатто бу йил якунига қадар ишлар якунига етмайди деган хавотир ҳам бўлган. Лекин ҳозир ҳаммаси ўз ўрнида кетмоқда.

«Бугун ушбу сериалнинг биринчи қисмини намойиш қилдик. Албатта, бу сериал турли баҳс, мунозара, балки танқидларга ҳам учрар. Биз бунга тайёрмиз. Биз фикрлар хилма-хиллигини қўллаб-қувватлаймиз. Ҳар бир фикрни ҳурмат қиламиз. Нима бўлганда ҳам олдимизга қўйган ҳар бир режамизни охирига етказамиз. Бу лойиҳани ҳам уддалай олдик, деб ўйлайман», деди Саида Мирзиёева.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Саида Мирзиёева «Мендирман Жалолиддин» сериали ҳақида гапирди