08:08 / 25.10.2020
6 047

Жавлон Шодмонов илк марта Мўмин Ориповнинг ўлимига сабаб бўлган автоҳалокат тафсилотларини очиқлади (видео)

Жавлон Шодмонов илк марта Мўмин Ориповнинг ўлимига сабаб бўлган автоҳалокат тафсилотларини очиқлади (видео)
Фото: «Дарё»
Актёр ва продюсер Жавлон Шодмонов «Дарё» интернет-нашрига эксклюзив интервью берди. Интервьюни «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди. Жавлон Шодмонов илк марта Мўмин Ориповнинг ўлимига сабаб бўлган автоҳалокат тафсилотлари ҳақида гапириб берди.

- "Тўғрисини айтсам, бу нарсани эслагим келмайди. Тожикистонга концерт қўйгани борганмиз. Кундузи Душанбеда, кечқурун Регар деган жойда концерт қўйганмиз.

Концертдан чиқиб, Сурхондарёга борганмиз. Хуллас, йўлда чарчаб ухлаб қолганмиз. Бизнинг мақсадимиз Термизга етиб олиш бўлган. Иккита сеанс концерт қўйиб, кечки ўнларда Термизга йўл олганмиз. Роса чарчаганмиз. Ангор деган жойда ухлаб қолганмиз, ўша ерда фалокат бўлган.

Ҳамма ухлаб қолган. Ўзи доим узоқ йўлга чиқсак, гаплашиб кетардик. Мен доим олдида кетардим. Тақдирда шу нарса ёзилган, афсуски, шунақа бўлган. Бу воқеа 2009 йил 28 июнь санасида юз берган.

Менинг хавфсизлик камарим тақилган бўлган, елкам синган. Ҳалиям елкамда темирим бор. Елка суягим синиб, ўпкамни тешиб юборган. Кейин умуртқамнинг пастки қисми синган, ҳалигача даволаниб тураман, ҳар 6 ойда муолажа олиб тураман. Пешонамда «шрам» ҳам бор.

Кўзимни ичи тикилган, чунки ҳалокатда йиртилиб кетган экан. Хуллас, ўша автоҳалокатдан кейин 3 марта операция қилинганман. Биринчи Термизда Тошкентдан шифокорлар чақириб, ўпкамни операция қилишган. Термизда 16-шаҳар шифохонасининг филиали бўлган. Руслан ака исмли мутахассисни чақиришган, саломат бўлсинлар. Танамни ёрмасдан, лазер операция қилишган. Кейин Тошкентга келганмиз, Тошкентда Doctor D шифохонасида ётганмиз. У ерда елка суягим операция қилинган.

Чиққандан кейин оёғим оғришни бошлаган, текширтирганимизда умуртқа билан боғлиқ эканлиги, операция қилиш кераклигини тушунтиришган. Операция қилишган, 6 ой ётганман. 6 ой ўтириш мумкин бўлмаган. Ҳозир ҳам тиғ тегган жойлар ҳаво булут бўлган пайтлар оғриб туради.

Ўша кунларни эслашни хоҳламайман. Дастлаб Мўмин оламдан ўтганини билмаганман. Менга айтишмаган. Сурхондарёда 10 кун ётганмиз. Юрагим жойидан силжиган, сиқилиш мумкин бўлмаган. Мўмин қаердалигини сўраганимда Тошкентга олиб кетишди, комада, дейишган. Телефонларни олиб қўйишган. Орада уйига ҳам телефон қилганман, адалари Маҳмуд акага. «Мўмин яхшими?» десам, «Ҳа яхши!», деб қўйишган.

Тошкентга келдик, Мўминни сўрайвераман. Хуллас, Мўмин вафот этганини Doctor D шифохонасида воқеадан 20 кун ўтиб билганман. Бу хабарни шифохонадан чиқаётган кунимиз Дилмурод ака айтганлар. Мени кўргани келганларга ҳам Мўмин вафот этгани ҳақида гапирмасликни тайинлаб, огоҳлантириб туришган экан.

Мўмин менинг ҳақиқий ўртоғим эди, у билан шоу-бизнесдан олдин ҳам дўст эдик. У билан бирга ишлардик, у расм чизарди. Дўконларга плакат чизиб, бир нималар қилиб юрардик. Кўзимга бирдан ёш келиб кетди
", - дейди актёр, режиссёр, продюсер Жавлон Шодмонов.

Маълумот учун, «Божалар» гуруҳи аъзоси Мўмин Орипов 2009 йилнинг 28 июнь куни мудҳиш автоҳалокат сабаб вафот этган. «Божалар» гуруҳи аъзолари Жаҳонгир Позилжонов ҳамда Мўмин Орипов куйлаган «Жийда гуллаганда», «Бойвачча», «Аччиқ ҳаёт», «Анҳор бўйида», «Эслама мени» каби қўшиқлари мухлислар орасида оммалашган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)

Маданият янгиликлари