17:37 / 17.12.2020
1 754

Зинат Аман: Кинода муваффақият қозонган, шахсий ҳаётда бахт топа олмаган ҳинд актрисаси

Зинат Аман: Кинода муваффақият қозонган, шахсий ҳаётда бахт топа олмаган ҳинд актрисаси
Фото: «Яндекс Дзен»
Ўзбек мухлисларига «Алибобо ва қирқ қароқчи» фильмидаги роли билан яхши таниш бўлган Зинат Аман ҳаёт ва карьераси билан боғлиқ маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Актриса 1951 йил 19 ноябрда дунёга келган. Отаси афғон миллатига мансуб бўлган, сценарий муаллифи сифатида фаолият юритган ва Аман тахаллуси остида ижод қилган. Зинат кейинчалик фамилиясини отасининг тахаллусига ўзгартирган. Ота-онаси унинг ёшлигида ажрашган ва 13 ёшида отаси ҳаётдан кўз юмган. Онаси уни Бомбейнинг энг яхши мактабига таълим олишга юборган ва хорижда таҳсил олиши учун маблағ аямаган. Ҳиндистонга қайтганидан кейин бир қанча гўзаллик танловларида қатнашгач,«Осиё гўзали» деб топилган. Шундан кейин киносаноат вакиллари ушбу ёш ва гўзал қизга қизиқиб қолган. Аммо Дев Ананд фильмида бош қаҳрамон ролини ижро қилишни таклиф қилиб унинг онаси олдига келган биринчи режиссёр бўлган.

Бу вақтда Дев актриса Мумтоз билан шартнома тузган бўлганига қарамай фильмдаги қиз қаҳрамонни ёш, ғарбдан йўналиш олган, ҳар қандай тақиқлардан ҳоли ва журъатли янги актриса ижро қилишини истаган.

Фото: «Яндекс Дзен»
«Ака ва сингил» фильмидаги ролига киришиб кетган Зинат юклатилган вазифани уддасидан чиққан. Бундан аввал у Дев билан бирга «Ички ёвузлик» лойиҳасида иштирок этган. Ушбу ижроси сабаб энг яхши иккинчи даражали актриса сифатида Filmfare мукофотини қўлга киритган.

Фото: «Яндекс Дзен»
Ёши катталар актриса ижросини танқид қилган, аммо киносаноат вакиллари Зинатда Ҳиндистонни ўзгартириши мумкин бўлган аёл сиймосини кўрган. Унга бир қанча таклифлар келиб тушганига қарамай, ўзидаги истеъдод ва актрисалик маҳоратини очиб беришга Девни қодир деб ҳисоблаб у билан ҳамкорликда ишлашда давом этган. Унинг инглиз аксенти аралаш ҳинд тилида гапириши, кийиниши ва ҳаёт тарзи у вақтда Болливуд учун бегона бўлган.

Фото: «Яндекс Дзен»
Машҳурлик чўққиси томон секин-аста ҳаракатланиб бораётган вақтда шахсий муносабатлари ҳаммасини изидан чиқариб юборган. Аввалига Дев билан учрашиб юрган ва унга турмушга чиқмоқчи бўлган. Амм Раж Капур фильмида бош қаҳрамон ролини ижро қилишга розилик берганидан кейин бари ўзгарган. Дев, Зинатнинг Раж билан кўз уруштириб юрганини кечира олмаган. Кейинроқ покистонлик крикет ўйинчиси Имран Хон ундан кейин Канвалжит исми ёш актёр билан ҳам муносабатда бўлган. Санжай Хон билан қурган оиласи ҳам омадсиз якунланган.

Бу эса карьерасига таъсир қилмай қолмаган. Алал-оқибат карьера борасида муваффақият қозона олмаган актёр Мажар Хон билан турмуш қурган ва 2 фарзандни дунёга келтирган. Режиссёрлардан таклиф кутиб чарчаган актриса фарзандлар тарбияси билан машғул бўлган, сиёсат билан ҳам шуғулланмоқчи бўлган, аммо бу уриниш ҳам ижод сингари омадсиз бўлган.

Фото: Getty Images
Фарзандлари катта бўлганидан кейингина саҳнага қайтган Зинат 2019 йилда Санжай Датт, Крити Санон ва Аржун Капур билан бирга «Панипат жанги» фильмида суратга тушган. 2020 йилдан эса театрда фаолият юрита бошлаган. Зинат киносанотда мода дизайни билан шуғулланган ва катта бизнес қилган биринчи актриса ҳисобланади. У кийиниши сабаб услуб тимсоли бўлган, фильмларида кийган кийим-кечаклари ёшлар ўртасида дарҳол урфга кирган.

Фото: Getty Images
Зинат машҳур актёрлардан Дев ва Раждан ташқари, Шаши Капур, Ражеш Кҳанналар билан бирга суратга тушишга муваффақ бўлган. «Шалимар» фильмида у билан бирга ишлаган таниқли актриса Жина Лолобрижида уни бутун Шарқда кўрган аёллари орасида энг чиройли, деб атаган. У китоб ўқишни яхши кўрган ва доим ёнида китоб олиб юрган. Болливуднинг бугунги ёш юлдузлари ҳам вақти-вақти билан 69 яшар Амандан маслаҳат олиб туришни канда қилмайди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)