23:09 / 18.12.2020
1 457

ССВ: «Хитой вакцинасининг натижалари ижобий, ҳеч қандай асоратлари бўлгани йўқ»

ССВ: «Хитой вакцинасининг натижалари ижобий, ҳеч қандай асоратлари бўлгани йўқ»
Фото: «Gazeta.uz»
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов қайси факторларни инобатга олиб, «Спутник V» (Россия) ва Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical (Хитой) вакциналарини синовдан ўтказишни бошлагани ҳақидаги саволга жавоб берди. Бу ҳақда «Gazeta.uz» хабар бермоқда.

«Санаб ўтилган вакциналар, айниқса, Хитой вакцинасини бугунги кунда учинчи жараёнда олиш бошланди. Кузатув жараёнлари олиб бориляпти, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Республика махсус комиссияси томонидан натижалари эълон қилинади. Натижалар ижобий, ҳеч қандай асоратлари бирорта ҳам бўлгани йўқ. Албатта, якуний хулосага келинганидан кейин ҳукумат томонидан тўлиқ, оммавий эмлаш йўлга қўйилади", — деган Амрилло Иноятов 18 декабрь куни ўтказилган «Тошкент ёшлар форуми — 2020»да.

Эслатиб ўтамиз, 21 октябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги коронавирусга қарши рекомбинант вакцинанинг клиник синовларини Ўзбекистонда ташкил этиш масаласи бўйича Хитой Фанлар академияси Микробиология институти ва Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказган эди.

Ушбу вакцина Ўзбекистонга 7 ноябрь куни келтирилган эди. Вакцина синовлари режа бўйича 5000 кўнгилли одамда ва фақат Тошкент шаҳрида ўтказилиши кўзда тутилган.

Инновацион ривожланиш вазири, биолог олим Иброҳим Абдураҳмонов Хитой вакцинасини ижобий баҳолаган. Вазир вакцина олувчилар 18 ёшдан 59 ёшгача бўлган битта гуруҳ, иккинчи гуруҳга эса 60 ёшдан юқори бўлганлар киришини таъкидлаб ўтган. Агар кўнгиллилар орасида бирор кишида асоратлар ёки ножўя таъсир кузатилса, ўша кўнгилли шахс бепул даволанади. Шунингдек, кўнгиллилар иштироки учун пул маблағи берилиши ҳам мумкин.

Вакцинанинг ножўя хавфли таъсирлар пайдо бўлганда, яъни 15 фоиз одамларда шу ҳолат кузатилса, зудлик билан зарур чора-тадбирлар кўрилади ҳамда ўрганиш бошланади. Лекин бу агар 30 фоизга етадиган бўлса, вакцина синовлари тўхтатилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)