13:20 / 10.06.2021
1 650

Президентнинг Душанбега сафари давомида Тожикистон телеканалларида янги ўзбек фильмлари намойиш этилади

Президентнинг Душанбега сафари давомида Тожикистон телеканалларида янги ўзбек фильмлари намойиш этилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга сафари пайтида тожик телеканаллари ва кинотеатрларида Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган «Илхақ», «Халқ юраги», «Абдураҳмон Жомий», «Ягона осмон остида» фильмлари намойиш этилади. Намойишлар кеча 21:30да Тожикистоннинг «Синамо» телеканалидаги «Илхақ» фильмининг тақдимоти билан бошлаб берилди.

Шунингдек, мамлакатнинг барча йирик кинотеатрларида ҳам тожик тилидаги ўзбек фильмлари намойишлари бошланган. Жорий йилнинг 19-22 май кунлари Тожикистон Республикасида ўтказилган Ўзбекистон киноси кунлари давомида Кинематография агентлигининг бир қатор фильмлари тожикистонлик томошабинлар томонидан кўтаринки кайфиятда қабул қилинган эди.

Шундан сўнг, ўзбек киносининг қўшни давлатдаги ихлосмандлари томонидан фильмларни тожикчага дубляж қилиб, тақдим этиш таклифи берилди. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига расмий ташрифи арафасида Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан Давлат буюртмаси асосида суратга олинган ушбу фильмларни қардош халқ телевидение ва кинотеатрларида намойиш қилиниши учун туҳфа сифатида тақдим этилди.

Маълумки, Тожикистонда бўлиб ўтган ўзбек киноси кунларида Ўзбекистон Кинематография агентлиги раҳбарияти, таниқли ўзбек киноси арбоблари, кинорежиссёрлар, актёрлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари қўшни мамлакатга ташриф буюриб, ҳар икки мамлакатнинг кино соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари хусусида келишувларга эришилган ва «Тожикфильм» Давлат муассасаси раиси Маҳмасаид Шоҳиён билан икки томонлама ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.

Меморандум бўйича ишлар тез фурсатларда бошланиб, режиссер Жаҳонгир Ахмедовнинг «Илҳақ» бадиий фильми, Шохрух Расуловнинг «Халқ юраги», Жавоҳир Қосимовнинг «Абдураҳмон Жомий», Жасур Исҳоқовнинг «Ягона осмон остида» ҳужжатли фильмлари тожик тилига таржима қилиниб, «Ҳужжатли ва хроникал фильмлар студияси” ДУК, «Spectre» ҳамда «Эзгу фильм» студиялари томонидан дубляж қилинди.

«Тожикфильм» Давлат муассасаси бош директори Маҳмасаид Шоҳиён туҳфа қилинган ушбу фильмлар икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга ва маданий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилишини билдирди: «Тожикистонда бўлиб ўтган ўзбек киноси кунлари»да Ўзбекистон Кинематография агентлиги раҳбарияти билан кино санъатининг икки мамлакат маданий ҳаётида тутган ўрни, ўзбек ва тожик кинематографиясини ривожлантириш бўйича кўзда тутилаётган лойиҳалар хусусида келишиб олдик.

Тадбирларда Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Саъдиев, Теша Мўминов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Саидов ва бошқа истеъдодли киноижодкорларнинг борлиги тожикистонлик ўзбек киноси мухлисларини жуда қувонтирди. Бизга туҳфа сифатида юборилган ўзбек халқининг юксак савиядаги фильмларини кинотеатрларимиз ва телевидениеларимиз орқали албатта намойиш этамиз. Ишонаманки, ушбу фильмлар икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга, маданий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади».

Айтиб ўтиш жоизки, Марказий Осиё минтақасида кинематографиянинг тараққий этишида ўзбек ва тожик халқларининг етук маърифатпарвар вакиллари катта ҳисса қўшишган.

Эътиборли жиҳати, ўзбек ва тожик кинематографияси ривожини бир-биридан айро ҳолда тасаввур қилиш мумкин эмас. Миллий киномиз дарғалари ҳар жиҳатдан бир-бирини қўллаб-қувватлаб келган. Ўзбек киносининг атоқли устозларидан бири Комил Ёрматов Тожикистонда, Конибодомда туғилиб ўсган бўлса, тожик киносининг Борис Кимёгаров, Анвар Тўраев, Самариддин Саъдиев сингари машҳур арбоблари Самарқандда таваллуд топишган.

Ҳар икки юрт кинематографияси ривожига салмоқли ҳисса қўшган Латиф Файзиев, Тоҳир Собиров, Рашид Маликов, Бақо Содиқов сингари таниқли кинорежиссёрлар хизматини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Тожикистон киноусталари томонидан яратилган «Ҳасан аравакаш», «Рустам ва Суҳроб», «Сиёвуш ҳақида қисса», «Темирчи Кова», «Мен бир қизни учратдим» сингари бадиий фильмлар ўзбек томошабинлар қалбидан чуқур жой олган.

«Шаҳризоданинг янги эртаклари», «Шаҳризоданинг сўнгги кечаси» фильмларида Улуғбек Музаффаров, Убайдулла Омон, Дилором Қамбарова сингари ўзбек санъаткорларининг ижросини кўришимиз мумкин. «Тожикфильм»да Рашид Маликов суратга олган «Ғаройиб саргузашт” фильмида ўзбек киносининг таниқли вакиллари Ҳусан Шарипов, Баҳром Матчонов бош ролларни ижро этишган.

Ўз навбатида, ўзбек фильмларида тожик актёрлари ҳам ёрқин образларни яратиб қолдиришган. Жумладан Тожикистон халқ артистлари – Сайрам Исаева Майсара, Нодирабегим сингари образлари билан ўзбек киномухлисларини мафтун қилган бўлса, Ато Муҳаммаджонов Имом ал-Бухорий сиймосини тўлақонли гавдалантира олган.

«Тожик тилига таржима қилиниб, дубляж қилинган ўзбек фильмлари имзоланган меморандум бўйича илк қадамлардандир. Иккинчи қадам жорий йилнинг июль ойида Тошкент, Наманган, Фарғона, Андижон шаҳарларида бўлиб ўтадиган Тожикистон фильмлари кунларидир. Унда ҳамкорликда суратга олинадиган янги икки фильмнинг лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтади. Ўзбекистон ва Тожикистон кинематографиясида кўплаб умумийлик ва боғлиқликлар бор.

Тарихан ўрнатилган узоқ йиллик алоқалар мавжуд. Умид қиламизки, икки мамлакат киноижодкорларининг ҳамкорлиги нафақат мазмунли киномаҳсулотлар пайдо бўлишига ва ўзаро тажриба алмашишга балки халқларимиз орасидаги илиқ муносабатларнинг юксалишига ҳисса қўшади» – дейди Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Маданият » Президентнинг Душанбега сафари давомида Тожикистон телеканалларида янги ўзбек фильмлари намойиш этилади